Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маданият ва санъатини унутмаган халқ буюкдир

2020 йил 26 май куни Президентимиз томонидан “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 2020–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

– Мазкур икки ҳужжатда маданият ва санъат соҳасидаги долзарб вазифалар шу қадар аниқ белгилаб берилганки, айримлари бўйича, ҳатто “Йўл харитаси”га ҳам ҳожат қолмаган, – дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев. – Жумладан, театр инсонда эзгу фазилатларни шакллантириб, ибратхона вазифасини бажарса, музейлар тарихимизнинг жонли ўтмишидан сўзлайди, санъат эса кишининг эстетик дидини шакллантиради. Фармон ушбу соҳалардаги муаммо ва камчиликларнинг ечимини топишга туртки бўлади. Шу пайтгача айрим истеъдодли санъаткорларимиз маблағ туфайли ўз концерт дастурини уюштира олмаган бўлса, фармонда белгиланган имтиёзлар туфайли энди уларга пойтахтда ҳам ўз ижодини намойиш қилиш имконияти яратилди. Муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши эса санъаткорларнинг ўз устида ишлашига, изланишига, ижодий ҳамкорликнинг янги уфқларини яратишига замин яратади.

Эътиборли томони, қарор билан Маданият вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари тизимида ҳам бир қатор ўзгариш ва янгиликлар жорий этиладиган бўлди. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни рағбатлантириш имкониятлари кенгайтирилди. Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти  ва унинг барча ҳудудий бошқармалари тузилмасида тегишлича юридик шахс мақомига эга бўлмаган Бадиий экспертиза бошқармаси ҳамда бадиий экспертиза бўлимлари ташкил этилади. Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институтига бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилди.

– Жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимиздан 650 нафар хонанда, созанда, раққоса, операторлар лицензия олиш учун ҳужжат топширган, – дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими бошлиғи Одил Рустамов. – Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Фармон билан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғимнинг бекор қилиниши, аввало, санъаткорларимиз учун жуда катта имконият. Битта концерт қўйиш санъаткор учун қанчалик қийинлигини соҳанинг ичида юрганлар яхши билади. Ҳар бир концерт учун ижара, реклама, техник жиҳозлар, солиққа тўланадиган ва бошқа харажатлар ҳисобланиб чипта нархи белгиланарди. Энди жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларимиз концерти учун ижара ҳақи 50 фоизга камайтирилиши ўз-ўзидан чипта нархининг пасайишига замин яратади. Ҳақиқий санъат ихлосмандлари қийналмай концертга туша олади, залларимиз мухлислар билан тўлади. Шунингдек, санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасининг ташкил этилиши санъаткорларнинг муаллифлик ҳуқуқини тартибга солади. Шоир ва бастакорларнинг, истеъдодли қўшиқчиларнинг меҳнати қадрланади.

– Юртимиздаги расмий тадбирларда, турли соҳа ходимларининг байрамларида биз санъаткорлар доим хизматда бўламиз, – дейди Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлонов. – Мана шундай пайтларда, ўзаро суҳбатларда бизнинг ҳам байрамимиз бўлсайди, деб орзу қилардик. Мана энди, 15 апрель -  Маданият ва санъат ходимлари куни, сифатида белгиланди. Бундан бошимиз кўкка етди. Тўлиқ жонли ижрода ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара ҳақининг 50 фоиз миқдорида этиб белгиланиши эса иқтисодий манфаат билан билан бирга жонли ижрода куйлайдиган санъаткорларнинг кўпайишига, уларнинг ўз устида кўпроқ ишлашига туртки бўлди ва бунинг маънавий аҳамияти ошади. Чунки барибир халқимиз жонли ижрони қадрлайди, ундан роҳат олади. Қалбдан чиқадиган нолалар, қўшиқларнинг авж пардаси халққа қараб ижро этилса, уларнинг юрагига кириб боради. Сиз ҳис қилган оҳангни улар ҳам ҳис қилади. Санъаткорларнинг мухлисларга маънавий озуқа бериши мана шунда деб биламан. Асосийси, ҳақиқий ижро эгаларининг меҳнати ва истеъдоди қадр топадиган бўлди.

Фармонда театрлар фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилди. Театрларнинг молиявий қўллаб-қувватланиши янги-янги асарлар яратилишига, театрлар орасида ижодий рақобат муҳитининг шаклланишига туртки бўлиши шубҳасиз.

– Давлатимиз раҳбарининг фармонида театрлар фаолиятини ҳар тамонлама ривожлантириш кўрсатиб ўтилди, - дейди вилоят қўғирчоқ театри директори Искандар Султонов. - Шу билан бирга тизимдаги муаммолар ва эътибордан четда қолган айрим масалалар қайд этилиб, хусусан, лапар ва айтишувлар ҳамда хусусий театрларга эътиборни кучайтириш кўрсатиб ўтилди. Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган, халқимиз миллий маданиятини ўзида жо қилган қўғирчоқбозлик томошаларига ҳам эътибор берилди. Ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шаклланиши ва ривожидаги беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилди. Бундай эътибор ва эътибор юртимиздаги барча қўғирчоқ театрлари жамоаларига жуда катта масъулият юклайди.

Фармон билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиши ва уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилиши, ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғлари ташкил этилиши ҳам эътибордан четда қолмади.

Халқимизга хос маданият ва санъат бугун бутун дунёни лол қолдираётгани барчамизга сир эмас. Ўз тарихини, миллий ва маъданий меросини унутмаган, уни кенг тарғиб қилган халқ эса буюкдир.

  Насиба ЖОНТЎРАЕВА.