Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Миллий тест тизими учун онлайн рўйхатга олиш бошланди

Тест синови жараёнларининг очиқлик, шаффофлик ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида Давлат тест маркази томонидан олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар барчамизга маълум. Кейинги йилларда тест синовлари абитуриентлар учун барча шароитлар яратилган ҳолда, вилоятлар марказларидаги катта сиғимли биноларда ўтказилмоқда. Жараёнда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида абитуриентлар бинога киришда шахсни идентификациялаш қурилмалари орқали текширилиб, тест синовлари кузатув камералари орқали мунтазам назорат қилиб борилмоқда.

Айниқса, пандемия шароитида абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтиш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz веб-сайти ҳамда Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz расмий веб-сайти орқали амалга оширилди. Бу эса абитуриентларга ортиқча оворагарчиликларсиз, йўл харажатлари ва вақтини тежаган ҳолда республиканинг исталган олий таълим муассасасига ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш билан биргаликда кириш тест синовини ҳам ўзлари яшаб турган ҳудудларда топшириш имкониятини яратди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарорида 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилиши белгиланган. 

Мазкур қарорга кўра, умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:

➖ 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;

➖ 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;

➖ 2022-2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.

2020 йил 1 декабрь куни она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича талабгорларни онлайн рўйхатга олиш бошланди.

➖ Талабгорларни онлайн рўйхатга олиш my.dtm.uz сайти орқали 20 декабрга қадар давом этади.

➖ Қарорда тест синовида иштирок этиш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланган.

Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Сертификат тест синовидан ижобий натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб, бир ҳафта мобайнида Давлат тест маркази директорининг буйруғи асосида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.

2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.

 

Воҳид СИРЛИБОЕВ,

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.