Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилади

Бутун дунёда кечаётган пандемия сабабли ўқувчиларни баҳолаш халқаро PISA ва PIRLS дастурлари доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадқиқотларнинг муддатларига ўзгартиришлар киритилди.

Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба иштирок этаётган ушбу халқаро тадқиқотлар доирасида тажриба-синов жараёнлари 2020 йилнинг апрель-май ойларида, асосий тадқиқотлар эса 2021 йил апрель-май ойларида ўтказилиши белгиланган эди. Ушбу жараён пандемия сабабли қолдирилди.

Ҳозирги вақтга қадар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) каби халқаро ташкилотлар томонидан тадқиқотда қатнашувчи мамлакатлар, дастурнинг бошқарув кенгаши аъзолари, халқаро экспертлар кенгаши ҳамда мамлакатлардаги Миллий марказлар иштирокида тадқиқотларнинг ташкил этилиш муддатларини белгилаш бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Муҳокамалар натижасида PISA дастури доирасидаги тадқиқотлар бир йил муддатга кечиктирилади. Бунда 2020 йилга мўлжалланган тажриба-синовлар 2021 йилнинг апрель-май ойларида, 2021 йилга мўлжалланган асосий тадқиқот эса 2022 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилди. Шунингдек, тадқиқотнинг 3 йиллик даврийлигини инобатга олган ҳолда 2024 йилга мўлжалланган тадқиқотлар ҳам ўз навбатида 2025 йилга кўчирилди.

PIRLS дастури доирасидаги асосий тадқиқот кечиктирилмади ва ўз муддатида, яъни 2021 йил апрел ойида ўтказилиши бўйича режалар ўз кучида қолдирилди. Бунда, 2020 йил апрель ойига режалаштирилган тажриба-синов жараёнлари карантин шароити барқарорлашган тақдирда 2020 йилнинг октябрь ойига кўчирилиши режалаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2021 йилда биринчи 70 таликка, 2025 йилда 60 таликка ва 2030 йилга келиб эса биринчи 30 та илғор мамлакатлар қаторига кириши кўзда тутилган.

Шундай экан, ушбу муддатларнинг ўзгариши бир томондан олганда, умумтаълим муассасалари учун тайёргарлик кўришларига қўшимча имкониятларни яратиб беради. Эндиликда тайёргарликни сусайтирмасдан, тадқиқотда муносиб иштирок этиш учун барча керакли ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда тайёргарликни юқори даражага олиб чиқиш барчамизнинг олдимизда турган устувор вазифадир.

Ғайрат БОБОХОЛОВ,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи.