Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қримдан хат: Адҳам Ҳайитов сафимизда қолади

Совуқ хабар тилди қалбимни,

Оғриқларга чидайин қандоқ?!

Ғам ичида ёлғиз қолдимми,

Азалига сабр бер, Аллоҳ!

Ҳали яқинда у қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳволимни сўраб, ижодий ютуқлар тилаб, мени мамнун этган эди. Бугун эса орамизда йўқ. Нима ҳам дердик, биз Худонинг ожиз қулларимиз. У берганини истаган вақтда олади. Инсон шуни ҳисобга олиб, умрининг ҳар бир онини қадрлаши, уни ўзига, оиласига, яқинларига, халқига, Ватанига фойда келтирадиган ишларга сарфлаши лозим.

Адҳам Ҳайитов шундай инсонлардан эди. Кўп йиллар давомида мен билан ёнма-ён одим ташлади. Айтганларимни тез илғаб олиб, интилди. Натижада, меҳрибон оилабоши бўлиш билан бирга «Зарафшон»ни жўштириб турган журналистлар қаторидан ўрин олди.

Шуни таъкидлаш керакки, Адҳам соғлиғидан шикоят қилганини, касалланиб ишга чиқмай қолганини ҳечам эслай олмайман. Мени кўпчилик ғоят юмшоқ табиатли инсон сифатида билади. Адҳамнинг табиати меникидан ҳам юмшоқ эди. У ким биландир гаплашар экан, қизишиб кетганини сезмаганман, овозини кўтарганини эшитмаганман. Бу – яхши муҳит, яхши тарбиянинг натижаси.

«Йўқ», «эди» деб айтишни тилим истамайди, ёзишни – қаламим. Минг афсуски, дўстимиз, қадрдонимиз Адҳам Ҳайитовни энди кўролмаймиз. Аммо у қалбимизда, хотирамизда, ёзган сатрларида, газета, китоб саҳифаларида яшайди.

Исо АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Симферополь.

***

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида олинган ушбу суратда Адҳам Ҳайитов (чапдан иккинчи) ва Исо Абдураҳмонов (ўнгдан иккинчи) таҳририятнинг навбатдаги ижодий кенгашида.