Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш марказида ўқувлар бошланди

Ўқув курсларида 4 ҳафта мобайнида 144 соатлик малака ошириш машғулотлари олиб борилади.
Қайд этиш лозим, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида минтақавий филиаллари ташкил этилган эди.

Самарқанд филиали Пайариқ тумани Имом Бухорий халқаро марказида жойлашган. Филиалда Самарқанд, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятлари диний соҳа ҳамда ушбу йўналишда фаолият юритувчи давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, олий, ўрта махсус, умумий ўрта таълим муассасаларининг соҳага оид педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши белгиланган.

Тингловчилар исломшунослик - ислом тарихи ва манбашунослик, қуръоншунослик ва ҳадисшунослик, фиқҳ ва калом илми йўналишида умумий тайёргарлик, умумкасбий тайёргарлик, мутахассислик бўйича тайёргарлик, танлов фанлари бўйича машғулотларда иштирок этади.

Машғулотлар катта ва кичик гуруҳларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабининг салоҳиятли ва юқори малакали профессор-ўқитувчилари томонидан муаммоли маъруза, амалий-тренинг, давра суҳбати, мунозара тарзида интерфаол методлардан фойдаланган ҳолда олиб борилади.

Жамшид ОЧИЛОВ,

Яҳё ЭЛТОЕВ.