Марказий Осиёда барқарор минтақавий ривожланиш масалалари муҳокама этилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида “Марказий Осиёда барқарор минтақавий ривожланиш” мавзусида II Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Халқаро конференцияда Швеция, Италия, Португалия, Бразилия каби 10 дан ортиқ давлатлардан мутахассислар иштирок этди.

Конференция давомида Швециянинг Қироллик технология институти доктори, профессор Ҳанс Вестлунд, Италиянинг Милан политехника университети профессори Андреа Cараглиу, Португалиянинг Минтақавий ривожланиш ассоциацияси директори Томас Дентинҳо, Бразилиянинг Сан Пауло университети профессори Эдуардо Ҳаддад, АҚШнинг Толедо университети профессори Неил Ред  ва бошқа нуфузли меҳмонлар томонидан иқтисодий география, минтақавий ривожланиш, сиёсий иқтисодиёт, рақамли иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт каби йўналишларда семинар-тренинглар ва маърузалар ташкил этилди.

Тадбирда ўрмонларни кесишнинг иқтисодий зарарли томонлари, географик яқинлик ва технологик ўхшашлик, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда табиий ресурсларни иқтисодий ва экологик баҳолаш каби муҳим масалалар муҳокама этилди ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.