600 граммли вазнда туғилган чақалоқ яшаяпти, аммо тиббиётимиз шу билан чекланмаслиги керак

Тиббиёт аллақачон замонавийликка, ташхислашдан тортиб, даволаш муолажаларига қадар янги даврга қадам ташлади. Бир пайтлар баъзи жарроҳлик амалиётларидан сўнг ойлаб давом этган муолажалар бугун кунларга қисқарди. Тиббиётнинг барча йўналишларида ташхислаш кўлами кенгайди. Хусусан, акушерлик ва гинекология соҳасида кўплаб янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Дейлик, бундан 5-6 йил аввал 600-700 грамм вазнда туғилган боланинг яшаб кетиши ҳақида эшитганлар бу эртак, деб ўйлашарди. Бугун ҳатто чекка туманларда ҳам шундай туғилган чақалоқларнинг яшаб кетиши учун имконият мавжуд. Ёки фарзандсизликдан азият чеккан оилалар ЭКО амалиётини фақат чет элда амалга ошириши мумкин эди. Бугун бу жараён сарф-харажати бир неча баравар арзонлашиб, ўзимизда амалга ошириш имконияти туғилди.

Самарқандда “Ўзбекистоннинг репродуктив саломатлиги: эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар” мавзусида илмий-амалий анжуман юқоридаги каби янгиликлар билан қадам бақадам ҳаракат қилиш учун яна бир майдонча вазифасини ўтади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган конференцияда юртимиз мутахассислари билан бирга, Германия, Буюк Британия, Франция, Туркия, Швейцария, Россия, Исроил, Хитой, Жанубий Корея, Украина, Беларусь, Қозоғистон ва Тожикистондан 350 нафар олим ва экспертлар иштирок этди.

- Юртимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг самарали бошқарув тизимини яратиш мақсадида янги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг жойларда 14 та ҳудудий филиалларини ташкил этиш белгиланди, - дейди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Наталья Нодирхонова. – Бу тизимдаги барча ишлар, хусусан, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигидан тортиб, уларнинг соғлом фарзанд дунёга келтиришлари билан боғлиқ барча жараёнларни ўз ичига олади. Яъни, вилоятларда фаолият кўрсатаётган репродуктив ҳамда скрининг марказлари бирлаштириб, акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларига айлантирилади. Шунингдек, қарорга кўра, оналар саломатлигини ҳимоя қилишнинг такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий этилади.

Конференция ишида оналар ва болалар саломатлиги йўлида халқаро экспертларнинг “Соматик касалликлар ва ҳомиладорликнинг замонавий қиёфаси”, “Клиник акушерликнинг долзарб муаммоларини илмий далиллар нуқтаи назаридан баҳолаш”, “Анестезиологик қўлланма ва критик вазиятлар” каби мавзулардаги маърузалари тингланди, мутасахассислар ўзаро тажриба алмашди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.