Самарқанддаги халқаро конференция: Қатар билан чорвачилик ва мева-сабзавотчилик соҳаларида ҳамкорликка келишилди
Самарқандда ўтаётган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция доирасида турли учрашувлар ҳам бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Қатар муниципалитет ва атроф-муҳит вазири Абдулла бин Абдулазиз бин Турки ас-Субайя билан учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Қатар томони чорвачиликни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. Бу таклифни мамнуният билан қабул қилган Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири, ўз навбатида, мева-сабзавотчилик йўналишида ҳам икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифни ўртага ташлади. Бу таклиф Қатар расмийси томонидан қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилишига келишиб олинди.
Учрашув сўнгида Абдулла бин Абдулазиз вазир Азиз Воитов ва Ўзбекистон аграр соҳаси вакилларини октябрь ойида Қатарда ўтказиладиган “Қатар Эхпо” халқаро кўргазмасида қатнашишга таклиф этди, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.