Фин таълим тизими нимаси билан ибратли?
Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида “Ўзбекистон-Финландия таълими ва баркамол авлод тарбияси муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Конференцияда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев сўзга чиқиб, конференция ишига омад тилади.
- 2001 йилда ўн беш ёшли фин ўқувчилари ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича танқидий фикрлаш кўникмаларини баҳолаш учун мўлжалланган “Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастури” (PISA)да энг юқори балл олгани бутун дунёни ҳайратда қолдирди, - деди институт профессори Бахтиёр Ҳайдаров. - PISA тести натижалари сабаб Финландия мактабларининг таълим тизими энг яхши деб тан олингач, дунёнинг барча қитъаларидаги педагоглар фин ҳамкасбларининг сири нимада эканлигини билиш учун уларнинг тажрибаларини ўрганишга киришди.
Хельсинкидаги мактабда икки йил ишлаган америкалик ўқитувчи Тимоти Уокер фин мактабларидаги муваффақиятларнинг замирида жуда оддий тамойил – ўқув жараёнларида қувонч мавжудлигини таъкидлайди. Қисқа ўқув куни, енгил уй вазифалари ва кам стандартлаштирилган тестлар бу фақат самарали таълим тизимининг ташқи жиҳатлари эканини ёзади.
Дарҳақиқат, баркамол авлод тарбиясида фин таълим тизимининг ўрганишимиз ва амалиётда қўллашимиз керак бўлган ижобий томонлари кўп. Бу борада институт финландиялик педагоглар билан бирга Финландия олий таълим тажрибаси асосида бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини тайёрлаш борасида ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда.
Халқаро конференцияда шу каби масалалар борасида фикрлар ўртага ташланди, камчиликларга ечим ахтарилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.