Тойлоқда саноат ривожи изга тушадими?
221 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, бандлик, қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш борасида катта имкониятлар бор. Бироқ кейинги пайтларда бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаганлиги туфайли туман иқтисодиётида оқсоқлик кузатилмоқда.
Жорий йилнинг 13 апрель куни вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирокида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
Маълумотларга кўра, тумандаги 488 та саноат корхонасидан 203 таси (41,6 фоиз) фаолият кўрсатмайди. Шундан атиги 13 та корхона фаолиятини тиклаган бўлса, 1 та корхона реестрдан чиқарилган, холос. Кузатувдаги 12 та корхона ўтган йилга нисбатан кам ҳажм кўрсатган, 80 та кичик корхона ўтган йили статистик ҳисоботларини ҳажмсиз ноль топширган. Шундан 1 та корхона 155 минг сўм ҳажм билан қайта ҳисобот топширган. Туманнинг саноат ишлаб чиқариш ҳажми 316,3 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 112,8 фоиз бўлган, вилоятдаги улуши эса атига 6,9 фоиз.
Иқтисодий барқарорликнинг муҳим бўғинларидан бири электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва тўқимачилик, текстиль соҳалари ҳисобланади. Биргина электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида туманда 3 та корхона рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 2 таси фаолият кўрсатмайди. Тўқимачилик ва кийим ишлаб чиқариш бўйича 62 та корхона рўйхатдан ўтган бўлса-да, уларнинг 35 таси фаолият кўрсатмаяпти, 14 таси ҳажмсиз ноль ҳисобот топширган ва 1 таси ҳисобот топширмаган.
Вилоят ҳокими савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси энг рентабелли йўналиш бўлса-да, туманда бу борада натижалар пасайиб кетганлигига эътибор қаратди. Масалан, туманда 643 та хизмат кўрсатиш корхонасидан 182 таси (28,3 фоизи) фаолият кўрсатмайди, 108 та кичик хизмат кўрсатиш корхонаси 2023 йиллик статистик ҳисоботларини ҳажмсиз ноль топширган ва 10 таси ҳисобот топширмаган. 1033 та савдо корхонасидан 280 таси (27,1 фоизи) фаолият кўрсатмайди, шундан атиги 8 та корхона фаолиятини тиклаган, кузатувдаги 3 та корхона ўтган йилга нисбатан кам ҳажм кўрсатган.
Тумандаги 164 та қурилиш корхонасидан 46 таси (28 фоиз) фаолият кўрсатмайди, кузатувдаги 3 та кичик корхона ўтган йилга нисбатан кам ҳажм кўрсатган. 52 та кичик корхона 2023 йиллик статистик ҳисоботларини ҳажмсиз ноль топширган ва 1 та корхона ҳисобот топширмаган.
Туманда тажрибали деҳқонлар ва ердан юқори ҳосил олиш имконияти бўлишига қарамасдан қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи 130 та тадбиркорлик субъектидан (фермерларсиз) 55 таси (42,3 фоизи) фаолият кўрсатмайди.
Йиғилишда корхоналар фаолиятини тўлиқ тиклаш ва ишлаб чиқаришни тўғри йўлга қўйиш бўйича туман масъулларига ўн беш кун муддат берилганди. Ўтган вақт давомида корхоналар фаолиятини қайта ўрганиш ва тиклаш, камчиликларни бартараф этиш борасида қандай ишлар амалга оширилгани билан қизиқдик.
Саноқда бор, аммо...
- Санаб ўтилган 33 та корхона фаолиятини тиклаган бўлса, 96 та корхона реестрдан чиқарилди, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Хўжамуродов. - Кузатувдаги 12 та корхонадан 8 таси иккинчи чорак якуни билан камайган ҳажмни тўлиқ қоплаш имкониятига эга. Масалан, "Ventradion" хусусий корхонаси 2-чоракда 17 миллиард сўмлик экспортни амалга ошириш, "Pet Sam plast premium" МЧЖ 117 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш чоралари кўрилди. 40 та корхонамиз 7,5 миллиард сўм ҳажм билан қайта ҳисобот топширди.
Электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 3 та корхона фаолиятини ўрганиб чиқдик ва зарур ёрдам кўрсатилди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида "Sam fiorenta" МЧЖ томонидан 11,5 миллиард сўмлик чангютгич ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилган бўлса, июнь ойида қиймати 17 миллиард сўмлик мис кабеллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш чораси кўрилмоқда. Бунинг учун зарур ускуналар келтирилган, хомашё ва малакали ишчиларни танлаш ишлари олиб борилмоқда.
Албатта, иқтисодиёт тармоқлари орасида енгил саноатнинг орни беқиёс. Республикамизда бу тармоқни ривожлантириш учун сифатли хомашё, арзон ишчи кучи, шароит, имконият етарлича. Шу боис бу йўналишда ташкил этилган корхоналарнинг тўлиқ ишлаши учун керакли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ўрганишлардан сўнг 8 та корхона фаолиятини тиклади, 12 та корхона реестрдан чиқарилди, 6 та корхона 25,5 миллион сўм ҳажм билан қайта ҳисобот топширди.
Хизмат корсатиш йўналишидаги 27 та корхона фаолияти тикланди ва 72 таси реестрдан чиқарилди. Савдо корхоналарининг 46 таси ишга тушди, 126 та корхона турли сабабларга кўра фаолиятини тугатди.
Эътирозларга сабаб бўлган йирик тармоқлардан яна бири қурилиш соҳаси билан боғлиқ эди. Биринчи чоракнинг катта қисми қиш мавсумига тўғри келиши туфайли қурилиш ишларида бироз оқсоқлик кузатилади. Аммо бу бажарилган ишлар сарҳисобига салбий таъсир қилмаслиги керак. Шу боис тумандаги 11 корхонанинг фаолияти тикланди, ишламай турган 16 та корхона рўйхатдан чиқарилди.
Ишчи гуруҳ билан биргаликда ўрганишлар натижаларига кўра, ҳисоботларда ноль ҳажм кўрсатган корхона билан қайта ҳисоб-китоб қилинди. Қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам 3 та корхона ишни бошлаган бўлса, ишламай турган ва ишни ташкил қила олмаган 29 та корхона рўйхатдан чиқарилди.
Солиқдан қочиш учун ишчини қоғозга яширадими?
Муҳокамада қайд этилган камчиликлардан яна бири солиқ тушумлари борасида эди. Рақамларда келтирилишича, солиқ ҳисоботларида 545 та айланмадан солиқ тўловчилар томонидан ходимлар сони 1 нафардан, 279 та солиқ тўловичи томонидан ноль кўрсатилган. 133 та ижара объекти бўйича ижара шартномалари тузилмаган, 176 та субъектда онлайн назорат касса машинаси мавжуд эмас, 3,3 миллиард сўм ундириш имкони мавжуд бўлган солиқ қарзи ундирилмаган.
Туман солиқ инспекциясининг маълумотларига кўра, юқорида санаб ўтилган камчиликлар бартараф этилган ва 3,3 миллиард сўм солиқ қарзидан 0,41 миллиард сўм ундирилган.
Туманда қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун катта имкониятлар мавжуд. Вилоятда ишлаб чиқариладиган гўштнинг 44 фоизи, балиқнинг 36 фоизи, сут маҳсулотларининг 13 фоиздан ортиғи туманда тайёрланади. Қулай географик жойлашув ва яратилган имкониятлар туфайли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортда ҳам шароит етарли. Аммо ҳозирда туманда рўйхатдан ўтган 488 та саноат корхонасидан 203 таси фаолият кўрсатмаслиги иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва экспорт салоҳиятининг пасайишига салбий таъсир қилади. Аксарият корхоналарнинг ишламаганлиги ҳисобига туманда экспорт кўрсаткичи жорий йилнинг биринчи чорагида 9,5 миллион доллар ўрнига амалда 3,7 миллион долларга (39 фоиз) бажарилган. Шу вақтда атиги 2,6 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган, шунингдек, Давлат инвестиция дастури доирасида 6 та лойиҳадан 5 тасида 4,8 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилмаган.
Жумладан, "Боғизоғон" кичик саноат зонасида қиймати 4,2 миллиард сўмлик 2 та лойиҳада қурилиш ишлари бир йилдан буён тўхтаб қолган. "Давлатобод" кичик саноат зонасида 2 та лойиҳада қурилиш ишлари бир йилдан буён бошланмаган.
Йил ярмигача натижалар яхшиланади(ми?)
- Туманда фаолият юритаётган корхоналардаги мавжуд захира имкониятлардан фойдаланган ҳолда иккинчи чоракда 12 миллион 546 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилиш режалари ишлаб чиқилди, - дейди туман ҳокимлиги инвестиция, саноат ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Суҳроб Хидиров. - Деҳқон ва фермер хожаликлари томонидан 160 гектар майдонда етиштирилаётган гулкарамдан 3200 тонна маҳсулот олиш ҳисобига 700 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Биринчи чоракда хорижий инвестицияни жалб қилишда бироз сусткашликка йўл қўйганимиз бор гап. Энди иккинчи чоракда тумандаги корхоналар томонидан 8 та лойиҳа доирасида 11,6 миллион долларлик хорижий сармоя жалб қилиш чоралари кўрилмоқда.
Чет эл сармояси асосида туманимизда ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни кенгайтириш, кўп қаватли уйлар қурилиши, меҳмонхона, ўқув ва логистика маркази ташкил этиш, чорвачилик, паррандачиликни ривожлантириш, профиль ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
Ўктам ХУДОЙБEРДИЕВ.