Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёшлар манфаати акс этган Мурожаатнома

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январь кунги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси том маънода халқнинг, айниқса, ёшларнинг дилидаги орзу-ниятлари ва эзгу интилишларини ўзида мужассам этган тарихий ҳужжат бўлди.

Ёшлар ташкилотида фаолият олиб борган шахс сифатида айтишим мумкинки, ёшларга доир давлат сиёсатини самарали юритиш мақсадида илгари сурилган мазкур таклифлар натижасида ушбу соҳадаги институционал ишлар қайтадан танқидий кўриб чиқилади ва амалдаги ёшлар манфаатларини ҳимоя қилувчи механизм янада такомиллаштирилади.

Президентимиз томонидан билдирилган олий таълим стандартларининг хорижий тажриба асосида такомиллаштирилиши, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанларнинг қайта кўриб чиқилиши ва мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилиши тўғрисидаги ташаббус олий таълимда таҳсил олаётган барча ёшларга ўз соҳаларини янада мукаммал эгаллашлари учун имконият яратиб бериши билан аҳамиятли.

Давлатимиз раҳбари олий таълим қамровини ошириш тўлов контрактига боғлиқ бўлиб қолмаслиги хусусида фикрлар билдириб, буни амалий жиҳатдан асослаб берди. Шуни ҳисобга олиб, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантларини 2 баробар кўпайтириш ва қизлар учун алоҳида грантларни ажратиш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш бўйича мутассадиларга тегишли топшириқлар берилди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш кераклиги қайд этилди.

“Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиш, унда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланиши таъкидланди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш замонавий ахборот коммуникация технологияларини қўллай оладиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳар жиҳатдан боғлиқ. Ҳозирда мазкур масала доирасида кўплаб ташкилий ва институционал ишларни амалга оширишга эҳтиёж мавжуд. Шу мақсадда Президентимиз замонавий инфратузилмага эга бўлган “IT-парк”ларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини қайд этиб, яқин йилларда “IT-парк”ларни Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этиш таклифини билдирди.

2017 йилнинг 12-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз томонидан Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш таклифи билдирилган эди. Мазкур таклифни амалга ошириш мақсадида Мурожаатномада 2020 йилда ёшлар ҳуқуқларига бағишлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш ва унда ушбу конвенция лойиҳасини муҳокама этиш ташаббуси илгари сурилди.

Мурожаатномада билдирилган таклиф ва ташаббуслар ёшларга ўзгача кўтаринки руҳ берди, келгусида улкан ишларни амалга оширишда шижоат бағишлади. Биз сўз билан айтганда, барча ёшлар бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга ва тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир бўламиз.

Абдулло АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.