Ургутдаги маҳалла раиси нега қотилликка қўл урди?
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг куч ва воситалари ушбу жиноятни очишга сафарбар этилди. Қилни қирқ ёрувчи ходимлар, аввало, марҳумнинг шахсини аниқлаш, сўнгра унинг ўлими сабабларини суриштиришга киришди. Ушбу жараён давом этаётган пайтда Самарқанд шаҳрида эгасиз қолдириб кетилган автомашина топилди. Бу мудҳиш жиноят калавасининг учини топишга ёрдам берди. "Нексия" Ургут туманида яшовчи фуқарога тегишли экани ва у айнан Дарғом каналидан топилган марҳум экани маълум бўлди.
Тезкор қидирув ва суриштирув ишларидан жиноят тафсилотлари ва бу мудҳиш қотилликка қўл урган шахслар аниқланди. Воқеа машина топилган Самарқанд шаҳрида эмас, Ургут туманининг Тароқли маҳалласида содир бўлган экан.
...Тароқли маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Олимов шу маҳаллада яшовчи Р.Дўлановадан (жиноятга алоқадор исм-шарифлар шартли) 2015 йилда 1 000 доллар миқдорида қарз олади. Аммо қарзни вақтида қайтара олмайди. Кунларнинг бирида Р.Дўланова маҳалла раисига қўнғироқ қилиб, фуқаро Б.Бердиев уни доимий равишда ҳақоратлаб, хўрлаб келаётганини айтади. Шундан сўнг икковлон Б.Бердиевдан ўч олишни режалаштиради ва бу иш амалга ошса, Р.Дўланова маҳалла раисининг қарзидан воз кечишини билдиради.
Ушбу шарт А.Олимовга ҳам маъқул тушади ва у Р.Дўланованинг хонадонида Б.Бердиевнинг мастлигидан фойдаланиб, унинг бошига болта билан уриб, ўлдиради. Жиноий шериклар – А.Олимов ва Р.Дўланова жиноят изини яшириш ва муқаррар жазодан қутулиб қолиш мақсадида Б.Бердиевнинг жасадини кўрпача ва гиламга ўраган ҳолда марҳумга тегишли бўлган "Нексия"нинг юкхонасига ортади. Сўнгра жасадни Тойлоқ туманининг Давлатобод қишлоғидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборишади. Эртаси куни эса машинани Самарқанд шаҳрига олиб бориб, ўша ерда қолдириб келишади.
2017 йилнинг июль ойи бошларида содир бўлган мазкур жиноят унинг ижрочилари ўйлаганидек изсиз кетмади. Қисқа фурсатларда фош этилиб, қотилликка қўл урган шахслар қўлга олинди ва суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда улар жазони ўтамоқда. Лекин Тароқлида рўй берган мудҳиш қотилликни кишилар ҳали унутгани йўқ.
Шу йилнинг 27 июлида Президентимиз раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Тароқлида рўй берган жиноят тилга олиниб, маҳалла раисининг бундай ишга бош қўшгани кескин танқид қилинди.
Хўш, бу воқеадан кейин маҳаллада қандай профилактик ишлар амалга оширилди. Одамларнинг муносабати, фикри қандай? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Тароқлида бўлдик.
– Бу жиноят нафақат ушбу маҳалла, балки бутун Ургут тумани аҳли шаънига иснод бўлди, – дейди Ургут туман фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари А.Тўраев. – Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тумандаги 102 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда аҳоли ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиладик. Туман ички ишлар бўлими, прокуратура ва бошқа давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойларда учрашувлар ўтказяпмиз. Аҳолини ҳушёрлик ва огоҳликка чорлаяпмиз.
Бугунги кунда тумандаги барча маҳаллаларда "Жамоатчилик назорат маскани" ташкил этилган. Тунги навбатчилик йўлга қўйилган. Туман бўйича профилактика инспекторлари 66 нафардан 74 нафарга кўпайтирилиб, уларнинг самарали ишлаши учун зарур шарт-шароит яратилган. Имтиёзли кредит асосида шахсий автомашина ва хизмат уйи билан таъминланган. Аҳоли ва кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида тумандаги 52 маҳаллада жиноят содир этилмади.
– Маҳалламизда 612 хонадон бўлиб, 3 минг 412 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди Ургут туманидаги Тароқли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳ.Қурбонов. – Аҳолимизнинг асосий даромад манбаи томорқа хўжалиги. Жами 64 гектар томорқа ерларимиз бор. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар ҳам кўпчилик. Демоқчиманки, ҳар бир оила ўз аравасини ўзи тортишга ҳаракат қилади. Боқимандалик кайфиятидаги кишилар йўқ ҳисоби. Лекин 5 та нотинч оиламизда соғлом муҳит яратиш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қиляпмиз. 16 та кўчабоши, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Маҳалламизда ўтган йил содир бўлган оғир жиноят нафақат унга алоқадор оилалар, балки барчамизнинг юзимизни ерга қаратди. Бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз.
– 2017 йил ноябрь ойидан буён Тароқли ва Совғон маҳаллаларида хизмат фаолиятимни олиб боряпман, – дейди ҳудуд профилактика инспектори Ҳ.Раҳимов. – Давлатимиз эътибори туфайли шу ерда хизмат уйи қуриб берилган, имтиёзли кредит асосида шахсий машина олганман. Аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаб, ўтган йилги каби мудҳиш жиноятлар келиб чиқишининг олдини олишга эътибор қаратганмиз. Маҳаллага қўшни Ўкрач маҳалласидан кириб келиш ва Совғон маҳалласига чиқишда "Жамоатчилик назорат маскани" ташкил этилган. Туну кун навбатчилик йўлга қўйилган. Ким, қачон киряпти, қайси автомобиль келди, биламиз.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида туманда 262 та жиноят қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112 тага кам бўлса-да, ҳар бир жиноят ортида инсон, оилалар тақдири турганини ҳисобга олсак, битта бўлса-да, қонунга зид ҳолат жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитга, ёшлар таълим-тарбияси, келажагига салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш масалаларига фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларининг эмас, барча давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчиликнинг вазифаси сифатида қараш лозим. Айниқса, бугунги куннинг энг долзарб масалалари – аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллаларда нотинч оилалар билан ишлаш, одамларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, жойларда юзага келаётган қонунга зид ҳолатлар ва коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим. Бугун давлат ва халқ муносабатларидаги яқинлик ҳар бир фуқародан ана шундай фаолликни тақозо этади.
F.ҲАСАНОВ,
А.ҲАЙДАРОВ.