Вилоят перинатал марказида содир бўлаётган нохуш воқеалар барҳам топадими?
Бугунги кунда тиббиёт муассасасининг раҳбари вазифасини директорнинг даволаш ишлари бўйича ўринбосари С.Суяров бажармоқда.
Шифохона ҳудудида баҳорда ўтқазилган арча кўчатлари, анвойи гуллар сувсизликдан қурий бошлабди. Кириш дарвозаси бошқа жойга кўчирилгани туфайли беморларнинг яқинлари эски дарвоза ёнидаги панжаралар устидан ёки унинг орасидан ўтиб, дорихоналарга бормоқда. Ичимлик сув уч кундан бери тез-тез ўчириб қўйилаётган экан.
Икки ой илгари туғруқхонага мурожаат қилувчи ҳомиладорлар кўпайганлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган эди. Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан оғир аҳволдаги беморлар келиб, ҳатто айримлари коридорларда ҳам ўз навбатларини кутишган эди. Биргина жорий йилнинг август ойида марказда 788 та туғруқ қайд этилган.
– Марказимизга бир кунда юздан ортиқ ҳомиладор аёллар мурожаат қилади, – дейди неонатология ишлари бўйича директор ўринбосари Санобар Хўжаева. – Кунига қирқдан зиёд туғруқни қабул қиламиз. Тақсимот бўйича асосан Каттақўрғон, Қўшработ, Пахтачи ва Нуробод туманларидан келган ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатишимиз керак. Аммо бошқа туманлардан келган аҳволи оғир беморларни ҳам қабул қилишга тўғри келмоқда. Айниқса, Ургут ва Тойлоқ туманларидан мурожаат қилувчилар кўп. Шифохонамиз 190 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда 254 бемор даволанмоқда. Шаҳримиздаги айрим туғруқхоналар вақтинчалик ишламаётганлиги сабабли ҳам бизга мурожаат қилувчилар кўпайиб кетди.
Марказда туғруқларнинг кўплиги сабабли дори-дармон таъминотида ҳам етишмовчиликлар мавжуд. Реанимация бўлимида "VELA" ускунаси, кардиомонитор, наркоз берувчи, жарроҳлик бўлимида эса ЭКГ, электросўрғич ҳамда жарроҳлик столлари етишмайди. Айни вақтда чақалоқлар реанимацияси бўлимида чала туғилган чақалоқларга ёрдам берувчи 20 та "СЕПАП" ускунаси ўрнига 5 таси ишлаб турибди. Шунингдек, муассасага қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар зарур.
Чақалоқлар бўлимидаги УТТ хонасида ўнга яқин аёллар навбат кутиб турибди. Битта беморни текшириб, унга хулосани ёзиб бергунича 5-10 дақиқа вақт сарфланади. Дилфуза Қиличева шу ерда УТТ врач-мутахассиси бўлиб ишлайди. Бир кунда 50-60 га яқин аёлларни текшириб, ҳомиласи ҳолатини аниқлаб беришига тўғри келмоқда.
– Ускуналаримиз анча эскирган, янгисини олиш учун ўз таклифларимизни берган эдик,– дейди Д.Қиличева. – Янги рақамли ускуналар бўлса, икки баробар кўпроқ беморларни тиббий кўрикдан ўтказишимиз мумкин бўлади. Шунда турнақатор навбатлар ҳам бўлмасди. Кўчма УТТ йўқлиги туфайли қаватма-қават юриб, оғир беморларни текширувдан ўтказишда қийинчиликларга дуч келамиз.
Қабул бўлимида ҳомиладорларни қабул қилиш тартибга солинибди. Беморлар ётган хоналар, ошхона, чақалоқлар даволанаётган заллар таъмирдан чиқарилган. Ичимлик сув, канализация тармоқлари ишга туширилган. Ҳомиладорларнинг ўз яқинлари билан гаплашиши учун махсус зал ташкил этилган. Шу ернинг ўзида тадбиркор Д.Алимова томонидан кичиккина фотосалон ишламоқда.
– Шифохона маъмурияти ҳамда вилоят "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" билан шартнома асосида шу хонани ижарага олиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб келамиз, – дейди Д.Алимова. – Ҳар бир онани ўз фарзанди билан суратга тушириб, ҳужжатларига тикиб қўйишга тўғри келади. Шунингдек, ҳам шифокорларга, ҳам оналарга турли буклетлар, тарғибот қўлланмалари, тавсияномалар тайёрлаб берамиз. Ҳужжатлардан нусха кўчирамиз.
Хўш, шифохона ҳудудида суратхона ташкил этиш қонунчилигимизга тўғри келадими? Аслида бу хизмат тури барча учун фойдали бўлса-да, аммо марказ ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш мумкин эмас. Ҳатто улар ижара шартномаси асосида иш олиб бораётган бўлса-да, шифохона ичида фаолият юритиши санитария-гигиена талабларига тўғри келмайди. Нима бўлганда ҳам мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўришлари керак.
Ҳовлида яхши хабарлар кутиб ўтирган айрим беморларнинг яқинлари билан суҳбатлашдик.
– Оқдарё туманидан келганмиз, – дейди Баҳодир Қодиров. – Келинимнинг ҳомиладорлиги жуда оғир ўтди. Скрининг марказининг хулосаларини олгач, шу туғруқхонага келишга тўғри келди. Бу ердаги нохуш воқеаларни эшитган бўлсак-да, ишончимиз йўқолгани йўқ. Неварамиз соғлом туғилишини истадик.
Ҳар бир она ўз фарзандини соғлом дунёга келтиришни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам вилоятимизда ягона бўлган перинатал марказга бир дунё орзу-умидлар билан келади. Қўли енгил ва малакали шифокорларимиз ана шу юксак ишонч, катта масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият олиб борсалар, айни муддао бўларди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
"Зарафшон" мухбири.