СамАТИ талабалари Германияда амалиёт ўтамоқда

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг талабалари Германияда ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ўтамоқдалар.

Институт томонидан 2025 йилда 200 нафардан ортиқ талабани хорижга, жумладан, Германия ва Польшадаги илғор қишлоқ хўжалик корхоналарига юбориш режалаштирилган. Жорий йилнинг шу кунгача бўлган ҳолатга кўра, 190 нафар талаба ушбу давлатларга амалиётга юборилди.

- Талабалар хорижда бўлган даврида уларнинг ҳолати, яшаш шароитлари ва амалиёт сифати институт томонидан доимий назорат қилинади, - дейди институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. - Шу мақсадда жорий йилнинг 25–31 июл кунлари институтдан уч нафар вакил – агробиология факультети декани Ғулом Ғайбуллаев, ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Камолиддин Бозоров ҳамда халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ҳусниддин Пардаевлар хизмат сафарига Германияга жўнатилди. Хизмат сафари давомида вакиллар Германиянинг “Schneiders Obsthof”, “Obsthof Hubertus Wolf”, “BioBördeland GmbH & Co. KG”, “Hegeland GmbH” каби қатор илғор хўжаликларда бўлиб, у ерда амалиёт ўтаётган талабалар билан учрашдилар, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишдилар.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, барча хўжаликларда талабалар учун шинам ётоқхона, уч маҳал овқатланиш ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилган. Талабалар билан ўтказилган суҳбатларда улар амалиёт давомида янги билим ва кўникмаларни эгаллаётгани, илғор қишлоқ хўжалик технологияларини  ўрганаётганини таъкидлади.