Қишлоқ туризми ривожланадими?
Бундай фикрлар "Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун бизнес уюшмалар орқали қишлоқ туризми ва экотуризмни кучайтириш" лойиҳаси доирасида Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармасида ташкил этилган семинарда алоҳида таъкидланди.
Кузатувларга кўра, қишлоқ туризмини ривожлантириш орқали, аввало, шаҳарликларнинг қишлоқда, табиат бағрида ҳордиқ чиқаришларига замин яратилади, маблағлар қишлоққа йўналтирилади ва табиий тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан баҳраманд бўлинади. Европа давлатларида шу учта соҳа кенг ривожланган. Хўш, бизда-чи?
– Мамлакатимизда туризмнинг ҳар бир соҳасини, хусусан, қишлоқ туризмини тараққий эттириш учун барча имкониятлар етарли, – дейди Савдо-саноат палатаси бош мутахассиси Сардор Бобоқулов. – Афсуски, бизда қишлоқ туризмини қўллаб-қувватловчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг йўқлиги, соҳанинг ривожланишини рағбатлантириш бўйича минтақавий дастурларнинг сустлиги ва тўсиқ бўладиган бир қатор муаммолар сабаб бу соҳада оқсоқликлар кузатилмоқда. Шунинг учун бу каби камчиликларни бартараф этишда республикамиздаги учта ҳудуд – Риштон, Ургут ва Нурота туманлари тажрибавий ҳудудлар сифатида танлаб олинди. Бу ердаги мутахассислар учун Қирғизистонда ўқув ташкил этилди.
Семинарда олимлар ва соҳа мутахассислари қишлоқ туризми борасидаги тажрибалар билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, Нурота туманидаги Сентоб қишлоғида туристларни жалб қилиш усуллари ва улар учун яратилган қулайликлар, Риштон туманидаги уй-меҳмонхонада сайёҳларга миллий анъаналаримиз асосидаги меҳмондўстлик жараёнлари акс этган роликлар намойиш этилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.