Солиқчилар иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларга кўмак бермоқда

Президент раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, янги захира ва имкониятларни ишга солиш, шу жумладан иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Шундан келиб чиқиб, Солиқ қўмитасида тузилган ишчи штаби иссиқхона хўжаликларидаги муаммоларни ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишга киришди. Бугун Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев Каттақўрғон ва Паст Дарғом туманларидаги иссиқхоналарда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Хусусан, иссиқхоналардаги мавжуд имкониятлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмлари, экспорт салоҳияти ва иш ўринлари яратилиши масалалари кўриб чиқилди. Тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва қўшимча молиявий механизмлар орқали кўмак бериш бўйича тавсиялар берилди.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига Самарқанд вилоятида 506 та субъект бўйича 5,7 млрд сўмлик солиқ тўловлари муддати 2026 йил 1 январгача узайтирилди. Бундан ташқари, 168 та хўжалик субъектига тегишли 204 та объект бўйича 19,6 минг гектар ер майдони саноат тоифасидан қишлоқ хўжалиги тоифасига ўтказилди. Натижада уларнинг ихтиёрида 1,6 млрд сўм маблағ қолади.