Юрагимга дармон Самарқанд

Қулоғимдан кетмайди ҳеч Регистоннинг наволари

 Дилором Исмоилова 1965 йилда Жомбой туманининг Жомбой қишлоғида туғилган. Ургутдаги 13-умумтаълим мактабини, сўнгра Самарқанд давлат университети филология факультетини тамомлаган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Саодат” журнали бўлим муҳаррири, “Агро бизнес информ” журнали бош муҳаррири ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

Дилором Исмоилова “Юрагимда гуллар шивири”, “Райҳон исли кунлар”, “Соғиниб кетдим”, “Меҳрибоним, қайдасиз”, “Ватанни жонимдек асрагин” каби шеърий тўпламлар, “Меҳр” номли автобиографик қисса муаллифи. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шуҳрат” медали соҳибаси.

БАҲОРДА

Қушларнинг тилида саловат, зикр,

Заминнинг юзига сочилган гуллар.

Тўлқин саҳнасида ўйнайди қуёш,

Ҳавода дилни маст этувчи бўйлар.

Секин кўтарилар шохлар кўксида –

Куртаклар, кўкракнинг учига ўхшаб.

Дунёни чорлайди, чақирар бизни

Адирлар зангори гиламин тўшаб.

Ҳаёт бошланибди янгитдан, демак,

Наҳот юрагимга баҳорлар қайтди.

Бу хабарни менга томларга чиқиб,

Баргларин силкитиб қизғалдоқ айтди.

Қочди кўздан уйқу, уйғонди ҳислар,

Завқимдан шеър ёзиб, келар куйлагим.

Оч қолган гўдакдек тамшаниб, тинмай

Чўққи эмиб ётар булут кўкрагин.


ЮРАГИМГА ДАРМОН САМАРҚАНД

Юрагимга дармон бўлар

Самарқанднинг ҳаволари.

Қулоғимдан кетмайди ҳеч

Регистоннинг наволари.

Осмонларга етиб борар

Муаззиннинг садолари.

Юрагимга дармон бўлар

Самарқанднинг ҳаволари.

Шу тупроқда онам ётар,

Шу тупроқда ётар отам.

Бу заминни аста босинг,

Секин босинг, аҳли олам.

Бу ердаги улуғларим

Қайда бор, эй, айтинг, одам,

Шу тупроқда онам ётар,

Шу тупроқда ётар отам.

Кўзларимга кенг кўринар

Ургут деган дунёлари.

Ҳамон сочим тараб қўяр

Зарафшоннинг саболари.

Эрта қайтиб уйғотади

Жомбойимнинг сатолари.

Кўзларимга кенг кўринар

Ургут деган дунёлари.

Саждагоҳим, Самарқандим –

Мангу ўлмас, тиригим.

Қўнғироқсоч Дилоромни

Катта қилган бешигим.

Гоҳо тўлиб, гоҳо кулиб,

Борсам, агар бағрига

Қучоғини кенг очган у,

Мангу очиқ эшигим.

Жон ила сенга боғландим,

Сенда илдизим, бандим.

Афсоналар саҳифасидан

Чиққан Самарим, Қандим.

Қайда бўлсам талпингайман,

Сен томон, эй, саждагоҳ.

Муаззамим, табарругим

Самарқандим, саждагоҳ.


ЭЙ, ГУЛ

Эй, гул, сани кўргач, борни унутдим,

Япроғинг суйига лабимни тутдим.

Билсанг, бу дийдорни неча йил кутдим,

Келганлигинг ростми кўнглимга маним?

Ҳажринг дайр йўлида хор этмиш мани,

Йўқ эдим, бу ишқинг бор этмиш мани.

Билмам, не юмушга кор этмиш мани,

Келганлигинг ростми кўнглимга маним?

Сенга қараб, ўзни таниб боряпман,

Ҳақдан ўзга не бор, тониб боряпман.

Бир савол ўтида ёниб боряпман,

Келганлигинг ростми кўнглимга маним?

Чин келсанг, энг баланд тоғ эрур кўнгил,

Райҳонли, ифорли боғ эрур кўнгил.

Йўқса, доғ ичинда доғ эрур кўнгил,

Келганлигинг ростми кўнглимга маним?

Эй, гул...


ҚУШЛАРГА АЙЛАНИБ...

Қушларга айланиб учар хазонлар

Шамолда сарғайган қанотин ёзиб.

Хуш келдинг юртимга бир йил деганда,

Куз исмли гўзал қиз озиб-ёзиб.

Далалар дастурхон ёзади, сахий,

Боғлар мевасини қўяр ўртага.

Осмон қучоғида сузган булутлар,

Ёмғирини қўйиб қўяр эртага.

Ахир куз келибди бир йил деганда,

Карнайлар садоси янграр азонлаб.

Мезонлар сузилиб ўйнар ҳавода,

Қушларга айланиб учар хазонлар.


ЯХШИЛАР

Яхшиям, борсизлар, яхши одамлар,

Сиз билан кўзимга ёруғдир олам.

Кўнглим гўё тоғдек ўсиб боряпти,

Қўлимда булбулдек кулайди қалам.

Юракка илмнинг чўғини солган

Закий устозларим, карвонбошларим.

Ҳеч кимга билдирмай эҳсонлар қилиб,

Камтаргина юрган қишлоқдошларим.

Яхшиям, сен борсан, ўғлим, жон қизим,

Сизни берган Ҳаққа айтаман шукур.

Ёниқ чироқларим, набираларим,

Шоир момо сизга эртаклар тўқир.

Одамлар, бу олам бунча чиройли,

Асли яхшиликда кўп экан ҳикмат.

Худойимга солдим йиғлатганларни,

Юзимни кулдирган сизларга, раҳмат.


ДИЛИМ ОБОДЛИГИ ЎЗИНГДАН

Ўзим озодман-у, юрак қафасда,

Тушаяпсан ёдга ҳар бир нафасда.

Сендан ўзга бари бекор, абасда,

Хуррамлик сендандир, озод ўзингсан.

Яратган туфроғинг гарди бўлолсам,

Япроғингга шабнам каби тўлолсам,

Бахтим шу, зикрингда агар ўлолсам,

Ҳар неки ғубордан озод ўзингсан.

Садафим, кўп шаънлар инсон учундир,

Неъматинг, гулшанлар инсон учундир.

Фурсатни берганинг имкон учундир,

Жонимнинг эгаси, гулшод ўзингсан.

Сўзларим кўзимдан томиб боряпти,

Бу кўнгил ўзидан тониб боряпти.

Қара, йўллар сенга олиб боряпти,

Дунёдан озодман, озод ўзингсан,

Дилим ободлиги о, зод ўзингдан.

 

УМР ЎТИБ БОРАР

Шунча ҳам тез ўтиб борарми умр,

Кеча жума эди, бугун душанба.

Тарих деб аталган заррин китобга

Битилиб келяпти қанчалар манба.

Югурук шамолдек югурар йиллар,

Бирда руҳим баланд, бирда паст эрур.

Ойнадан ой боқиб, қуёш ўтади,

Юлдузлар қароғим тафтида эрир.

О, сен дониш дунё, доно кампирча,

Нимани ўйлайсан ҳасса суяниб.

Балки Архимеднинг топган нуқтаси

Сенинг шу ҳассангга турар таяниб.

Кўзларимдан учган шу меҳрли нур,

Ажабмас зулматни кетса ёритиб.

Фақат бир ўтинчим бор, момо дунё,

Орзумга етмасдан қўйма қаритиб.


ОНАМ ЎПГАН КЎЗЛАР

Она, бугун туғилган куним,

Дунёларни бир четга суринг.

Тушларимда бўлса ҳам, майли,

Қизингизни табриклаб қўйинг.

Не ишларни қилдим, қилмадим,

Нени билдим, нени билмадим.

Аммо аниқ биламан, она,

Сизнингсиз чин дилдан кулмадим.

Доим недир қадалиб турар

Юрагимга, гоҳо бўғзимга.

Қандай яшар буёғига деб,

Қараганлар бўлди кўзимга.

Давлат, обрў, сиз бахт экансиз,

Сизсиз нелар қилдим, бир кўринг.

Табригингиз бошқача сизнинг,

Она, мени табриклаб қўйинг.

Хотирамда, қизалоқ пайтим

Кундек кулиб, ойдек ярқираб,

Сен туғилган кун бугун, дея

Қўярдингиз сочларим тараб.

Пешонамда, юзим, кўзимда

Ҳамон сезгум иссиқ бир нафас.

Қулоғимдан кетмайди сира

Меҳрли ва майингина сас.

О, мен учун дунё эдингиз,

Мен дунёмни йўқотиб қўйдим.

Кўзёшимга қўшилиб оққан,

Онам ўпган кўзларни суйдим.

Дилором Исмоилова.