Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

11-синф ўқувчилари 8 та фандан имтиҳон топширади: Олтин медаль кимларга берилади?

2017-2018 ўқув йилидан 11 йиллик таълимга қайтилди. Шу тарзда бу йил мактабларимизни 11-синф ўқувчилари битиради.

– Вилоятимиздаги 1214 та умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган 678 минг 624 нафар ўқувчининг 30 минг 387 нафари 11-синфни битиради, – дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими мутахассиси Эркин Бекбўтаев. – Улар 8 та фан бўйича синовдан ўтказилади. Жорий йилнинг 25 майига қадар жисмоний тарбия фанидан якуний назорат имтиҳонлари ниҳоясига етади. Битирувчилар 25 майдан 10 июнга қадар она тили ва адабиёт, математика, физика, тарих, биология ҳамда давлат тили (таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда), чет тили, (инглиз, француз, немис) фанидан имтиҳон топширади ва бу синовлардан ўтган ўқувчилар 11-синфни битирганлик тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлади.

Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга кўра, умумий ўрта таълим мактабини қуйидаги тартибда тугатган ўқувчиларга олтин ва кумуш медаллари берилади:

Олтин медаль – умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10 ва 11-синфларда барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида ҳамма фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга;

Кумуш медаль – умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида ҳамма фанлардан йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга.

Абдужаббор Пўлатов.