Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Афғонистонлик шоирлар самарқандлик ижодкорлар билан мушоирага киришди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилоятининг ёзувчи ва журналистлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Дастлаб меҳмонлар вилоят Матбуот уйида бўлиб, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" ҳамда "Овози Самарқанд" газеталари таҳририятларида яратилган шарт-шароитлар билан танишди, “Самарқанд матбуоти тарихи” музейини томоша қилди.

Сўнгра “Тарих ва цивилизация заминига сафар” номли мушоира уюштирилди. Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди.  Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган шоирлар, журналистлар иштирок этди. Мушоирада янграган шеърлар таржимасиз ҳам барчага тушунарли бўлди.

- Динимиз битта, тилимиз яқин, шу боис ижодимиз ҳам ҳамоҳанг, - дейди ўзбек тилида ижод қилувчи афғонистонлик шоир, журналист Қиёмиддин Қотъе. – Ўзбекистондаги бунёдкорлик ишларига ҳавасимиз келди. Самарқанднинг тарихий обидалари ва халқингизнинг ижодга, хусусан, адабиёт ва санъатга ошуфталиги ҳайратимизни оширди. Ташрифимиздан мақсадимиз икки давлат ўртасидаги маданий, адабий, ижодий, илмий-тарихий алоқаларни мутаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, ўзбек халқининг миллий урф-одатлари тўғрисида туркум репортаж ва мақолалар тайёрлаш эди. Юртингизга икки ҳафталик сафаримиз давомида бунга эришамиз.

Мушоира давомида дарий тилида ижод қилувчи ёзувчи ва шоир, Мужир Ваҳоб, адабиёт тақризчиси Абдулқодир Мисбоҳ, шоир ва қўшиқчи Жовед Жаҳонжу, журналист, телеоператор Басир Обид ҳамда  “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Фахриддин Ҳайит, шоира Зуҳра Бегим, Ҳамида Каримова, Дилором Салоҳий ва ёш шоира қизлар ўз ижод намуналаридан ўқишди.

Меҳмонларга самарқандлик шоир ва журналистларнинг китоблари совға қилинди.

Ҳусан Элтоев.