Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аҳоли ҳақми ёки ҳокимият?

Самарқанд тумани Юқори Туркман маҳалла фуқаролар йиғини биносига кириш йўли 2016 йил 8 апрель куни Самарқанд тумани ҳокимининг 512-К-сонли қарори билан “Шохрух Зафарбек Самарқанд” МЧЖга тикув цехи ва пайпоқ ишлаб чиқарадиган цех қуриш учун берилади. Бу ерда туман захирасида бўлган 343-контурдан ажратилиши белгиланади. Чиндан ҳам ўша контур 6-умумий ўрта таълим мактабининг эски биноси жойлашган майдон бўлган. Аммо тадбиркор ва бу ишда бош бўлган масъуллар негадир Юқори Туркман маҳалласи марказига тегишли бўлган жойни кўрсатишган.

Ҳужжатларга эга бўлган МЧЖ раҳбари кўрсатилган жойдан ерни (катлаван) қаздиради. Тадбиркорнинг бу ишига шу пайтда ҳеч ким эътироз билдирмаган бўлса-да, тадбиркор қилаётган ишини чала қолдиради. Орадан йиллар ўтиб, 2020 йилнинг июль ойи бошларида тадбиркор чала ишини давом эттириш мақсадида яна келади. Шунда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва фаоллар ундан ҳужжатларни кўрсатишини талаб қилади. Аммо ҳужжатларда белгиланган контур ва кўрсатилган ер бошқа эканлиги маълум бўлади. Оғзаки тортишувлар натижасида тадбиркор яна туман ҳокимлиги маъсулларига мурожаат қилади. Мурожаат натижасида юқорида чиқарилган қарорнинг 2-бандидаги “МЧ “Чордара агротехсервис” агрофирмаси ер харитасининг 343-контуридан жами 0.03 га” сўзлари “МЧ “Чордара агротехсервис” агрофирмаси ер харитасининг  243-контуридан  жами 0.03 га” сўзларига алмаштирилиб, 2020 йил 20 июль санасида туман ҳокимининг 1205-К қарори чиқарилади.

Хўш, бу қарорни чиқаришга нима асос бўлди? Албатта, Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси йиғилишининг 87-баённомасида 11 нафар масъуллар имзо қўйиб, бу қарор чиқишини қўллаб-қувватлайди.

Энди айтинг, шу масъулларнинг қайси бири масалани жойида келиб ўрганди? Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ер бериш ваколати маҳаллий ҳокимликлардан олинган бўлса-да, нега бу қарор қабул қилинди? Ахир Президент қарорининг 1-бандида аниқ қилиб “2018 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга кўра: юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади”, деб ёзиб қўйилган-ку?!

Бу борада ҳукумат қарори ҳам қабул қилиниб, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган ва ер бериш ваколати маҳаллий ҳокимликлардан соқит қилинган. Шунга қарамай, Самарқанд тумани ҳокимлиги қайси асосга кўра, ерни тадбиркорга бериш тўғрисида қарор чиқарди?

“Шохрух Зафарбек Самарқанд” МЧЖга ер ажратилган туман ҳокимининг дастлабки қарори 2016 йил чиққан ва унинг 5-бандида: “Шохрух Зафарбек Самарқанд” маъсулияти чекланган жамияти томонидан Ер кодексининг 36-моддаси талаблари бузилган тақдирда, ушбу қарор ўз кучини йўқотади, деб ҳисоблансин”, деб ёзилган. Нега орадан 4 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бу модда қўлланилиб, туман ҳокимининг дастлабки қарори бекор қилинмади?

Охир оқибат бу машмашалар суд тартибида қўриб чиқилди. Тойлоқ тумани маъмурий судининг очиқ суд мажлисига тадбиркор ва даъвогарлар таклиф қилинди. Туман ҳокимлиги маъсуллари, ишга ойдинлик киритиши мумкин бўлган холислар иштирокида иш кўриб чиқилди. Суд раиси Темур Эргашев имзолаган қарорга кўра, Самарқанд тумани ҳокимининг 2016 йил 8 апрелдаги 512–К сонли ҳамда 2020 йил 28 июльдаги 1205–К қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилди. Суднинг қароридан норози бўлган тарафлар тегишли тартибда апелляция шикояти беришлари мумкинлиги айтилди. Маҳалла фаоллари ва бошқалар суднинг қароридан рози. Аммо тадбиркор қолиб, туман ҳокимлиги суд қарори устидан шикоят киритишини қандай тушуниш мумкин? Бу ҳақда даъвогар томонидан ёзилган шикоят хатига жавобан берилган туман ҳокимининг хатида маълум қилинган.

Яширмайман, шу маҳаллада яшайман ва журналист бўлганим учун одамлар турли масала юзасидан маслаҳат сўраб менга мурожаат қилишади. Энди айтинг, Самарқанд тумани ҳокимлиги масъуллари маҳалладошларимнинг бу саволига мен нима деб жавоб берай?

Азизбек ҚУРБОНОВ.