Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Антарктида яқинида кучли зилзила юз берди

7 балли зилзила Жанубий Америка ва Антарктида ўртасида жойлашган Жанубий Шетланд оролларида содир бўлди. Бу ҳақда Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмологик маркази хабар берди, деб ёзади РИА Новости.

Зилзила 40 километр чуқурликда, маҳаллий вақт билан 23:36 да (Тошкент вақти билан 4:36) да қайд этилган. Зилзила эпицентри Чилининг Пунта-Аренас шаҳридан 1328 километр ва Чилининг Бернардо О’Хиггинс тадқиқот станциясидан 216 километр узоқликда жойлашган.

Чили фавқулодда вазиятлар бошқармаси Чили Антарктика ҳудудига цунами хавфи эълон қилди.

Олдинроқ, 15 январь куни Индонезиянинг Мамуджу шаҳри яқинида 6,2 балли зилзила содир бўлган эди. Деярли 15 минг фуқаро ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди, камида 58 киши вафот этди. Воқеа содир бўлганидан сўнг сейсмология хизмати 28 та ер силкинишини қайд этди.