Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

АҚШда журналистларга ҳужум қилган полициячилар хизмат вазифаларидан четлаштирилди

Вашингтонда Оқ уй ёнида содир бўлаётган норозилик намойишларини ёритаётган Австралиянинг 7 News телеканали мухбири ва операторига ҳужум қилган икки нафар полициячи содир бўлган вазият ўрганилиб чиқилгунига қадар ўз хизмат вазифаларидан четлаштирилди, деб хабар берди АҚШ полиция бошқармаси.

“Бизда ўрнатилган қоидага асосан, икки нафар АҚШ полициячиси, австралиялик журналистлар билан боғлиқ бўлиб ўтган ҳодисага ойдинлик киритилгунига қадар, маъмурий вазифаларни бажариш бўлимига ўтказилди”, дейилган полиция бошқармасининг Твиттер саҳифасида.

Австралиянинг 7 News телеканали мухбири Амелия Брейс ва оператор Тим Майерс Вашингтондаги Оқ уй ёнида содир бўлаётган норозилик намойишларини ёритаётган вақтида полиция томонидан ҳужумга учраган эди. Бўлиб ўтган воқеадан сўнг Австралия Бош вазири Скот Моррисон мамлакатнинг Вашингтондаги элчихонасидан АҚШ полициячилари томонидан амалга оширилган ҳужум тафсилотларини ўрганишни ва  назоратга олишни сўради.