Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автомобилларнинг бутловчи буюмларини маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқармоқчи

Самарқандда вилоятдаги автомобилсозлик корхоналарининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация алоқаларини кенгайтиришга қаратилган кўргазма ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “JV MAN Auto-Uzbekistan”, “SamAuto”, “Uz Auto TRAILER” корхоналари ва улар билан ҳамкорликда ишлаётган ҳамда келгусида биргаликда ишлаш ниятида бўлган тадбиркорлар, саноат корхоналари вакиллари иштирок этди.

– Жорий йилнинг 17 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда давлатимиз раҳбари тармоқ ва ҳудудларда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперация алоқалари суст ривожланаётганлигини қайд этиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берган эди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Ибрагимов. – Шундан келиб чиқиб, айни пайтда вилоятимиздаги саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш дастури асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Самарқандда фаолият олиб бораётган автомобилсозлик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари учун мингдан ортиқ бутловчи буюм зарур бўлиб, уларнинг асосий қисми хориждан импорт қилинади. Биргина, жорий йилнинг ўн ойида учта корхонамиз 228 миллион долларлик бутловчи буюмларни чет мамлакатлардан харид қилди. Бу вилоят умумий экспортининг 20 фоизига тенг деганидир. Агар шу маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилса, иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш ва янги иш ўринлари яратишга катта ҳисса бўлади. Мазкур кўргазма айни шу мақсадда ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда “JV MAN-Auto Uzbekistan” қўшма корхонасида импорт қилинаётган бутловчи буюмлардан 135 турдан ортиғи юртимизда фаолият юритаётган 20 дан кўпроқ корхона томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Кўргазмада яна 300 дан ортиқ бутловчи буюмларни саноат кооперацияси доирасида маҳаллийлаштириш учун тадбиркорларга таклиф этилди.

– Бугунги кунда ишлаб чиқараётган юк машиналари ва автобусларимиз бутловчи қисмларининг маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизни ташкил этмоқда, – дейди “JV MAN-Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси бўлим бошлиғи А.Тиллабоев. – Яқин йилларда бу кўрсаткични 40 фоизга етказишни режалаштирганмиз. Кўргазмада республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тадбиркорларга корхонамиз учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ҳақида маълумот бердик ва уларнинг 50 га яқини билан шартномалар имзолашга эришдик.

Айни пайтда қўшма корхона шаклидаги “SamAuto” масъулияти чекланган жамиятида импорт қилинаётган бутловчи буюмлардан 1000 га яқини юртимиздаги 91 корхона томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва улардан фойдаланилмоқда.

– Ҳозирда вилоятимиздаги 13 та корхона билан маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳамкорлик қилиб келяпмиз, – дейди “SamAuto” масъулияти чекланган жамияти маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи М.Эгамбердиев. – Йилдан-йилга ушбу йўналишдаги ишлар кўламини ошириш ҳаракатидамиз. Мазкур кўргазмада ҳам 700 дан ортиқ импорт деталларни келтириб, биз билан ҳамкорликда ишламоқчи бўлган тадбиркорлар ва корхоналар вакилларига намойиш этяпмиз. Кўплаб ишлаб чиқарувчилардан манфаатли таклифлар олдик ва биргаликда ишлаш бўйича келишувларга эришдик.

“UzAutoTrailer” корхонасида фойдаланилаётган бутловчи буюмларнинг 35 таси 20 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланади. Тадбирда 65 та бутловчи буюмларни саноат кооперацияси доирасида маҳаллийлаштириш таклифи билдирилди.

Кўргазмада локализация дастури асосида вилоятдаги автомобилсозлик заводлари билан фаол ҳамкорлик қилаётган Самарқанд туманидаги “Стеклопластик”, Иштихон туманидаги “Митан ёғду электрик” масъулияти чекланган жамиятлари, Самарқанд шаҳридаги “Янгиариқ” хусусий корхонасининг иш тажрибаси эътироф этилди.

Тадбир давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ишлаб чиқарувчилар ва Самарқанддаги автомобилсозлик корхоналари ўртасида шартномалар имзоланди, келишувларга эришилди.

Эътиборлиси, икки кунлик мазкур кўргазма бундан буён доимий фаолият кўрсатиши қайд этилди.

Ғолиб ҲАСАНОВ.