«SamAuto»нинг давлат улуши «Anadolu Isuzu»га сотилди

«Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ қўшма корхонаси (SamAuto) устав капиталидаги 75,2 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнлари якунланди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

Агентлик Туркиянинг йирик саноат ва тижорат гуруҳларидан бири — «Anadolu Group» таркибига кирувчи «Anadolu Isuzu» компанияси билан давлат улушини сотиш бўйича келишувга келган эди.

Келишувга мувофиқ:

- инвестор давлат улуши учун 80 миллион АҚШ доллари тўловини амалга оширди;

- корхонани ривожлантириш мақсадида техник-иқтисодий баҳолаш хулосалари асосида қўшимча 80 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиши белгиланган.

19 ноябрь куни улушни сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси имзоланди. 9 декабрь куни эса 80 миллион долларлик тўлов Хусусийлаштириш жамғармасига келиб тушди.

Шундан сўнг, жамғарма томонидан 1 трлн сўм маблағ 10 декабрь куни Республика бюджетига ўтказилди.

Яқин кунларда инвесторнинг мажбуриятларини белгилайдиган инвестиция шартномаси расмийлаштирилади.

Агентлик жараёнда иштирок этган барча манфаатдор тузилмаларга, шунингдек, халқаро маслаҳатчилар — KPMG ва Dentons компанияларига миннатдорлик билдирди.