“MAN Auto” ва “SamAuto” корхоналарига хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди
Шавкат Мирзиёев 8 июль куни автомобиль саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Жорий йилнинг олти ойида ушбу соҳада ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 154 фоизга ошиб, 1 трлн сўм соф фойда олинган. Қарийб 73 млн долларлик автомобиллар экспорт қилинган. Ички бозорда маҳаллий автомашиналар улуши 97 фоизга етган.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясига умумий ишлаб чиқариш ҳажмини 2023 йилга қадар ҳозирги 250 мингдан 350 минг донага, экспорт ҳажмини камида 100 минг донага етказиш вазифаси қўйилди.
Экспортда бир дона енгил автомобилнинг логистика харажати нархнинг 8-10 фоизини ташкил қилиши қайд этилар экан, бу харажатларни давлат томонидан қисман қоплаб бериш бўйича вазифалар белгиланди. Хорижий дистрибьюторлар билан биргаликда экспорт нархини қайта шакллантириш ва ташқи бозорларга кафолатли чиқиш юзасидан тавсиялар берилди.
Хорижий компаниялар билан шерикликда тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, “MAN Auto” ва “SamAuto” корхоналарига хитойлик ва япониялик ҳамкорларнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларини жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига тармоқда локализация даражасини ошириш, хусусан, импорт қилинаётган 22 турдаги базавий қисмларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш топширилди.