Импорт таркибида технологик асбоб-ускуналар, транспорт, эҳтиёт қисмлар, металл буюмлар, фармацевтика маҳсулотларининг улуши катта
Жорий йилнинг январь-август ойларида вилоятимизда 280 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилингани ҳолда импорт ҳажми 877,5 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Импорт таркибида технологик асбоб-ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, металл ва улардан тайёрланадиган буюмлар, фармацевтика маҳсулотларининг улуши катта бўлмоқда.
Самарқанд туманидаги "Stekloplastik" масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган "Самарқанд вилоятида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари" мавзусидаги кўргазмали семинарда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Унда вилоятдаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, тижорат банклари, соҳага алоқадор мутахассислар бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни, унинг сифати билан яқиндан танишди.
Семинарда вилоят ҳокими Э.Турдимов вилоятда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, импорт маҳсулотларини камайтирган ҳолда маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш омиллари ҳақида сўз юритди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, жорий йилда вилоятимиздаги 11 корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида 25 дан ортиқ маҳсулот ўзлаштирилиши белгиланган. Мазкур семинарнинг ушбу корхонада ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки, бу ерда ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг 90 фоизи маҳаллийлаштириш дастури асосида тайёрланмоқда.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари "UZAUto TRAILER" ва "JV MAN AUTO-UZBEKISTAN" қўшма корхоналари фаолияти билан танишди.
Ўктам ҚЎЗИБОЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).