Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир ҳафтада Японияда 23 киши иссиқ об-ҳаводан вафот этди

Япониянинг деярли барча ҳудудларида иссиқ об-ҳаво натижасида камида 23 киши ҳалок бўлди яна 12,7 минг одам шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда мамлакатнинг ёнғинга қарши курашиш Бош бошқармаси маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

Статистика 5 августдан 11 августгача вақт оралиғида келтирилган. Умумий ҳисобда 12 751 одам шифохоналарга ётқизилган. Энг кўп жабр кўрганлар Япония пойтахти Токиода  – 1,46 минг одам шифохонага ётқизилган, шунингдек Саитамада (977) ва Осакада (897) қайд этилган.

Бунинг асосий сабаби июнь ойи ва июль ойининг биринчи ярмида об-ҳавонинг Япония учун жуда совуқ келганидан кейинги жудаям исиб кетиши бўлган. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида термометр кўрсаткичи 39 даражадан ошиб кетган.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Японияда юқори об-ҳаво ҳарорати яна икки ҳафта мобайнида сақланиб туриши мумкин, шу сабабли одамларга кўчага камроқ чиқишни, кондиционерлардан фойдаланишни ва кўпроқ сув ичишни маслаҳат беришмоқда.   

Жабрланганлар сони кетма-кет уч ҳафтадан бери 10 мингтадан ортиқни ташкил қиляпти. Метеорологлар яқин бир неча кунда Япониянинг кенг ҳудудларида иссиқ об-ҳаво сақланиб туриши ҳақида огоҳлантиришмоқда. Шу билан бирга Япониянинг жанубий ҳудудлари ўзи билан бирга кучли ёмғирлар ва бўрон олиб келиши кутилаётган “Кроса” тўфони измида қолади. Жанубий ва жанубий ғарб ҳудудлари ҳаво ҳарорати 30 даражадан ошмайди, бироқ ҳафта охирига келиб яна 35 даражагача кўтарилади.