Блогер фаолиятига қаршилик кўрсатилди

Бугун, 5 январь куни Самарқанд шаҳридаги 74-сайлов участкасида такрорий овоз бериш жараёнини тўғридан-тўғри интернетнинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали бевосита ёритиб бораётган блогер Темур Сатторов ўзига нисбатан сайловчилардан бири, фуқаро Ж.У. қаршилик кўрсатиб, турли номақбул сўзлар билан ҳақорат қилганлиги юзасидан вилоят сайлов комиссиясига мурожаат қилди.

Ушбу ҳолат вилоят сайлов комиссияси раиси ва аъзолари, Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази вилоят бўлими, Самарқанд шаҳар ички ишлар идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда блогер Темур Сатторов иштирокида муҳокама этилди.

Ўрганиш давомида фуқаро Ж.У. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 35-моддаларига асосан овоз бериш жараёнини аккредитациядан ўтган ҳолда тасвирга олиб, ёритаётган блогер Т. Сатторовни қонунга зид ҳолда ҳақорат қилганлиги ойдинлашди.

Шундан сўнг блогер Т. Сатторов тегишли тартибда Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилди.

Айни пайтда ушбу мурожаат ўрганилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Халқаро матбуот маркази Самарқанд вилояти бўлими.