Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиблари янада такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 31 декабрь куни “Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарордан мақсад автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти орқали Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона назорати самарадорлигини таъминлаш, божхона тартиботларини соддалаштириш, шунингдек, вақтни ҳамда молиявий харажатларни қисқартиришдан иборат.

Қарорга кўра, шундай тартиб ўрнатиляпти:

- ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда бериладиган мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиология хулосаси, экологик сертификат талаб этиладиган товарларни “Ягона ойна” божхона ахборот тизимида уларнинг берилиши тасдиқланган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига импорт қилишга рухсат берилади;

- аввал дастлабки божхона декларацияси тақдим этилган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона юк декларацияси рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб 3 соат ичида амалга оширилади. Бунда хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими томонидан хавф аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.

Мазкур қарор билан Давлат божхона қўмитасига:

- миллий ва хорижий ташувчиларга ёки бошқа манфааатдор шахсларга божхона органларининг ахборот тизимига товар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни тақдим этиш, улардан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш;

- 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб киришга мўлжалланган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки электрон маълумотларни тақдим этиш, улардан фойдаланиш ва рўйхатдан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш юклатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 762-сон қарорига ўзгартиришлар киритилди.

Ушбу қарор 2020 йил 3 апрелдан кучга киради.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.