Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Маматқул Ҳазратқулов 1947 йил 1 февралда Ургут туманида туғилган. М.Ҳазратқулов Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. Меҳнат фаолияти давомида масъул лавозимларда ишлаган.

Хусусан, “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси), Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигида фаолият юритган. Айни пайтда “Гулистон” журналида бош муҳаррир вазифасида меҳнат қилмоқда.

Маматқул Ҳазратқуловнинг “Оқ қуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Кўккўл”, “Дийдор”, “Севги сози” каби ҳикоя ва қиссалар тўпламлари чоп этилган.

“Меҳр кўп кўргуздим”, “Меҳмон”, “Қадрим”, “Афандининг янги саргузаштлари” каби пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳнага қўйилган. М.Ҳазратқулов таржимон сифатида Л.Толстой, В.Шукшин каби рус адиблари, шунингдек, озарбайжон, тожик, татар ва япон ёзувчиларининг ҳикоя, қиссаларини ўзбек тилига ўгирган.

Маматқул Ҳазратқулов “Меҳнат шуҳрати” ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.