Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сайловга Республика бюджетидан қанча маблағ сарфланади?

Амалдаги тартибга мувофиқ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларга Республика бюджетидан 230 миллиард 549 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун ҳудудий округ ва участка сайлов комиссияларига 96 миллиард 807 миллион сўм маблағ сарфланади.

Қайд этиш лозимки, олдинги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларда фақатгина Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун маблағ ажратилган. Жорий йилда эса маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодлар учун ҳам сайловолди ташвиқоти даврида тенгликни таъминлаш мақсадида номзодларнинг барчасига бюджетдан маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, сайлов комиссияларининг қарорига биноан комиссия аъзолари сайлов жараёнлари вақтида асосий иш жойидаги ишлаб чиқариш ва хизмат вазифаларидан озод этилади. Ўз навбатида, сайлов учун ажратилган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

Сайлов жараёнларида доимий иш жойига эга бўлмаган ёки пенсионер комиссия аъзоларига, пенсионерларга харажатлар сметасида режалаштирилган маблағлар доирасида ўртача иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

Азиз БЎРИБОЕВ,

вилоят сайлов комиссияси котиби.