Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Депутатлар автомобиллар нархини ошириши мумкин бўлган қонун лойиҳасини рад этишди

ЎзЛиДеп фракциясининг йиғилишида депутатлар автомобиллар нархига таъсир қилиши мумкин бўлган қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўзининг расмий Телеграм-каналида маълум қилди.

"Куннинг биринчи ярмида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида автомобиллар утилизацияси учун "утилизация йиғими"ни жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида депутатлар томонидан қаттиқ эътироз ва иккиланишга сабаб бўлди.

Сўзга чиққан депутат ҳамкасбларимиз мутахассислардан бунақа тартибни киритишни асослаб беришни сўрашди, бироқ тайинли жавоб бўлмади.

Мен ҳам бунақа йиғимни жорий қилишда экологик вазиятни яхшилаш бош мақсад эканлигига шубҳам борлигини билдирдим. Шундоқ ҳам қиммат автомобиллар утилизация йиғими жорий қилинса янада қимматлашмаслигига ким кафолат беради? "Экология" жуда яхши баҳона топилди.

Хуллас фракция аъзоларининг эътирозларидан кўриндики қонун лойиҳаси овозга қўйилса қўллаб қувватланмайди, шу боис илтимосга кўра, маълум муддатга кун тартибидан чиқариб ташланди.

Бунақа кўриниш ва аҳволдаги лойиҳани яқин орада ўтказмасак керак. Агар яна... Хуллас ҳаммага инсоф ва чидам...", - деб ёзган депутат.