Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи Самарқандда муҳокама қилинди

16-17 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Миллий ва глобал омиллар” мавзусидаги II Халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

ZOOM дастури асосида онлайн тарзда ўтказилган конференцияда Хитой, Россия, АҚШ, Италия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари профессорлари, нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда республикамизнинг соҳага оид 30 дан ортиқ ташкилотларидан 260  нафар мутахассис ва олимлар ўзларининг озиқ-овқат соҳасидаги бугуннинг долзарб масалаларига қаратилган маърузалари билан қатнашди.

Конференцияда олимлар коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталди. Хусусан, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги концепцияси масалалари, унинг миллий ва халқаро меъёрлари: овқатланиш ва овқат ҳазм қилишнинг долзарб масалалари, кластерлар тизими - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг инновацион асоси, фойдали ўсимликларнинг табиий захираларини ўрганиш, муҳофаза қилиш, етиштириш ҳамда қайта ишлашнинг интенсив технологияларини ишлаб чиқиш ва бошқа шу каби бугунги кундаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.

- Бугунги синовли кунларда озиқ-овқат инсон ҳаёти учун жуда муҳимлигини бутун дунё аҳли тушуниб етди, - дейди Самарқанд давлат университети агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани Тошпўлат Ражабов. – Зеро, пандемия даврида озиқ-овқат хавфсизлиги, унинг таъминотини яхшилаш долзарб масала. Илмий ишланмаларсиз, бой тажрибаларсиз бу муаммога ечим топиб бўлмайди. Бугунги халқаро анжуманда дунёнинг турли ҳудудларидан тажрибали мутахассислар шу йўналишда олиб борган изланишлари ва уларнинг ижобий самаралари, эришаётган ютуқлари хусусида ўз маърузаларида баён қилди, тажриба алмашди. Бу конференция нафақат Ўзбекистонда, балки иштирокчи давлатларда ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги масаласидаги муаммоларга ечим топишида муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир доирасида озиқ-овқат хавфсизлигига оид кўргазма ҳам ташкил этилди.