Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Душан Файзийнинг рафиқаси

Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, 16 та орден ва медал соҳиби. Санъат арбоби, илму фан фидоийси, таниқли шоир Душан Файзий хонадонида бўлганимизда, Бахринисо она бизни кўриб ўтқизишга жой тополмай қолди. 87 ёшли онахон фарзандлар даврасида гулдек яшнаб ўтирарди.Бизни бўлса энг аввал қилган ишимиз онахон билан қучоқ очиб кўришиш, у кишини тавоф қилишдан бошланди. Халқимизда яхши ният билан узоқ умр кўрган, пиру бадавлат инсонларни тавоф қилиш анъанага айланиб кетган. Онахон олти қиз, икки ўғил ва яна уларнинг фарзандлари невара ва эвараларни ҳам тарбиялаб вояга етказишда фаол бўлганлар. Улар таниқли шоир, домла Душан Файзий билан роппа роса 55 йил умргузаронлик қилиб, аввало ўз оиласи ва фарзандлари, қолаверса, ҳануз маҳаллада намунали аёл сифатида ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда.

– Баҳринисо опа, мен «Зарафшон» газетаси таҳририяти топшириғи билан келдим. Очиғи, Душан аканинг ишхонаси, жавонлари, китоблари, ҳатто айрим либосларини ҳам асраб-авайлашингизга ҳавасим келди.

– Йўғ-ей, бу менинг, оиламнинг бурчи ахир. Биз ижодкор, меҳрибон турмуш ўртоғим туфайли «Файзиевлар хонадони» бўлганмиз. Очиғи, 10 йилдан бери ижодий уюшмалардан ҳеч ким келиб хабар олмаганидан кўнглимда хижиллик бор эди. Сизга ҳам, «Зарафшон» таҳририятига ҳам раҳмат, кўнглимтоғдек кўтарилди.

– Ёшингиз улуғ бўлсада, суҳбатни ёшларга хос бир савол билан бошламоқчийдим. Душан ака билан қандай танишгансизлар ёки ота-она таклифи биланми?

– Домла бизни ўқитган. Мен сиртдан ўқирдим. Домла бизга фолклордан дарс берардилар. Ўша пайтларда бир –биримизга меҳримиз тушган.Бироқ жуда қийин вақтлар эди. На бир тўй, на бир зиёфат қилолмаганмиз. Иккимиз ёлғиз бориб ЗАГСдан ўтдик. Кейин бир неча вақт айро яшадик. Бирга яшашга имконимиз йўқ эди.У киши мени онамникига қўйиб ўзлари ўқишга кетдилар. Ўқишларини тугатиб келиб, мени олиб келганлардан сўнг ҳам ижарама-ижара юриб роса қийналганмиз. Саккиз жойга кўчгандик ўшанда.Оғир даврлар, очлик, катта қизим туғилган. Домла бир дона бухонка нонни қўлтиғига яшириб бизга олиб келардилар. Ўша пайтлар иккимиз ҳам қийинчиликларга чидаганмиз.

– Онахон! Шунча қийинчиликларни бошдан кечиргансиз. Қанчадан-қанча етишмовчиликлар бўлган. Сизларда ҳам оилавий можоролар, тушунмовчиликлар  бўлганми?

– Йўқ! Биз ҳеч жанжаллашмаганмиз. Хатто тортишмаганмиз. Ҳар қандай холатда ҳам у киши менга қаттиқ гапирмас, мен у кишининг юзидан олмас эдим. Илгари аёллар асло эрининг юзидан олмаган. У киши ҳамиша болаларимга ҳам онангга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаганман деб айтардилар. Ўзи жуда халим, камтарин инсон эдилар. Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин! Кўзларига ёш олди она. Биргаликда саккизта фарзандни ўқитдик.Олий маълумотли қилдик. Иккитаси врач, қолганлари ўқитувчи.

– Домланинг ижодига муносабатингиз қандай бўлган? Айтишингизга қараганда оғир даврлар бўлган. Ҳар қандай хотин ҳам “қоғоз титиб ўтиргунча менга ёрдамлашинг, ёки ундай қилинг, бундай қилинг!“ дейиши мумкин бўлган. Шундай эмасми?

– Тўғри ўша даврлар иккимиз учун ҳам синов даври бўлди менимча. Кейинчалик пиессалар ёздилар, гонарарлар олдилар. Ҳаммаси ўтиб кетди. Биринчи марта “Зарафшон қизи” пиессасини ёздилар ўшанда жуда катта гонарар олгандик. Уйларимизни қуриб, Ўзимизни ўнглаб олганмиз.

– Ўша даврларда ҳаётингизни гашти бўлганми? –Биз учун бирга яшаганимизнинг ўзи ҳар бир дақиқамиз ҳаётимизнинг гашти эди.

– Умр йўлдошингиз Душан Файзий ижодидан сиз севиб ўқийдиган, ёки ёд олиб айтиб юрадиган шеърингиз борми?

(Бахринисо она юзига қувонч югуриб, бош ирғади):

– Ҳа, “Сабо билан” номли шеъри нафақат менга оила аъзоларимизнинг ҳаммасига ёқарди.

Дилрабо, қалбимга кирдинг тонгги ул сабо билан,

Не сабоким, субҳидамда янграган наво билан.

Шу шеърни Ҳабиба Охунова қўшиқ қилиб куйлаган. Радиода Ҳабибахон шу қўшиқни айтса ҳаммамиз йиғилишиб тинглардик. Мен уни хиргойи қилиб юрардим.

– Ҳаётингиздаги ҳеч қачон эсдан чиқмайдиган, энг қизиқ воқеани эслай оласизми?

– Оиламизда кетма –кет олти қиз дунёга келди. Мен ниҳоятда уялар ва ниҳоятда эзилардим. Олтинчиси дунёга келганда ҳар галгидек, дадаси мени кўргани туғруқхонага бориб; “Яхшимисан?”– десалар йиғлаб юборганман. Яна ҳар сафар туғруқхонадан келиб, қўлларидаги сумкани отиб юбориб, “Қиз бола!” –дер эканлар, хурсанд бўлиб. Олти қиздан сўнг еттинчиси ўғил бўлса, бу сафар уйга келиб,сумкани ҳурмат билан жойига қўйиб, секингина ўгирилиб; “Ўғил бола...”-деганларини, уйдагилар айтишса хайрон қолганман. Шу қадар кўнгли кенглик бўлиши мумкинми? Олтита қиз туғилганда ҳам зиғирдай хафа бўлмаганлар.

– Умр йўлдоши сифатида турмуш ўртоғингизнинг ижодига қандай баҳо берасиз?

– Жуда юқори баҳо бераман. Фарзандларимга ҳам набираларимга ҳам оталари ва боболари ижоди билан қизиқишларини уни қадрлашларини такидлайман. Ўттиздан ортиқ китоблар ёзиб уларга катта маънавий мерос қолдирганликларини айтаман.Тўғри бугунги кунда шоирлар кўпайиб кетган. Бизнинг давримизда шоирлар кам эди. Шунинг учунми,улар ҳамиша ҳурматда бўлганлар. Бу киши Имом Ал Бухорий романини ёзганда катта шов-шув бўлганди. Мен у кишини биргина шу асари билан олдинги қаторда туришга ҳақли деб ҳисоблайман. Бугун ўша вақтдаги суратларга боқиб, ёнларида Ғафур Ғулом, Комил Яшин,  Туроб Тўла, Ҳамид Ғулом, Шароф Рашидов, Аҳмаджон Муҳторов, Римма Казакова, Теша Сайдалиев, Қамбар Ўтаев каби машҳурларни кўриб, ўзлари ҳам шулар қаторида бўлганини ҳис қиламан.

– Онахон сиз кўпни кўрган, ҳаётни тушунган, тажрибали аёл сифатида бугунги кун ёшларига қандай тилаклар билдирасиз?

-Мен уларга оила муқаддас қўрғон эканлигини, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаслик кераклигини, ҳар қандай қийинчиликни сабр билан,фақат сабр билан енгиб ўтиш лозимлигини айтган бўлардим. Юртини, халқини ҳурматини ҳамиша юракда сақлашини. Яна ёшларга фақат ва фақат бахтли бўлишларини, биз кўрган қийинчиликларни кўрмасликларини тилардим!..

Суҳбатдош Жумагул СУВОНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.