Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХХ Қирғизистондан олиб кирилган гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1989 йилда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган Нурмат Исоқов 6,318 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик моддасини Фарғона вилоятига олиб кетаётган вақтида Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Аниқланишича, Нурмат Исоқов Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятига бориб, танишларидан мазкур гиёҳванд моддани 13200 АҚШ долларига сотиб олишга келишиб, шундан 2000 АҚШ долларини уларга берган. Оғуни Андижон вилояти ҳудудида қабул қилиб олганидан сўнг яна 3000 АҚШ доллари бериб юборишини, пулнинг қолган қисмини эса гиёҳвандлик моддасини сотганидан кейин беришини айтган.

Орадан маълум вақт ўтгач, Нурмат Исоқов ҳамтовоғи, 1985 йилда Марғилон шаҳрида туғилган Шуҳратжон Маҳмудов орқали 2900 АҚШ долларини қирғизистонлик танишларига бериб юборган.

Шундан сўнг контрабанда йўли билан Андижон вилояти ҳудудига олиб кирилган «гашиш» гиёҳвандлик моддасини қабул қилиб олган.

Бундан ташқари, ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган бошқа бир тезкор тадбир жараёнида Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Нозимжон Ғаниев, Маҳамматдиёр Қодиров ва Асака шаҳрида яшовчи Сарвар Тоиров қўлга олиниб, улардан жами 616 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.