Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эркин сўз айтиш имкони берилмайди, олинади...

Жиддий ташкилотлар нозикроқ мавзуда 300 киши иштирокида йиғилиш ўтказди. Ақлли гаплар бўлди. Уч юз кишининг ичида салоҳияти етса-да, фикр билдирувчи, савол берувчи топилмади. Ҳамма жим. Чунки мавзу “нозик”.

– Саволингиз борми? Ҳозирнинг ўзида келишиб олайлик, эртага ҳар қанақа гап “чиқиб кетиши” керак эмас. Ишни яхши йўлга қўйишларингиз учун қандай ёрдам лозим?..

Бу фикрни нотиқ уч-тўрт марта такрорлади.

– Аввало, халқнинг розилиги муҳим, сизлар олиб бораётган сиёсат моҳияти, мақсадингизни яхши тушунтириб беришингиз керак, – деди журналист. – Саллани деса, каллани оладиган ишчи гуруҳнинг фойдасидан зарари кўпроқ тегади.

– Нима демоқчисиз?

– Мактаб ўқувчиси ҳижоб ўрамаслиги, беўхшов соқол қўймаслик ҳақида гапиряпсиз. Хўп, ҳижоб ўрамасин ҳам дейлик, рўмол ўраши мумкинми? Соқолни қўйишда меъёр борми? Буни ишчи гуруҳ биладими? Ёки ёппасига рўмоллар ҳам ечилиб, соқоллар қириладими? Бу тарғиботни олиб борувчилар, халққа тушунтирувчиларда етарлича билимнинг ўзи етарли эмас. Ташвиқотчиларга бу ҳақда йўриқнома беринг. Одамларни норози қилиб қўйишмасин...

– Мактаб ёки коллеж ўқувчиси рўмол ўрамасин, соқол мутлақо қўйилмасин, демоқчи эмасмиз, – деди маърузачи. – Аммо ўша фуқаронинг мақсади, маслагини билиш лозим. Обориб қамаш, зўравонлик қилиш керак эмас. Одамларнинг норози бўлишидан ёмони йўқ. Тан олайлик, адашганлар ҳам бор. Мақсад, шундайларни тўғри йўлга қайтариш.

Жиддий ташкилотлар журналистни залдан чиқариб юбормади. Аксинча, ишчи гуруҳнинг қай тартибда иш олиб бориши имкон қадар тушунтириб берилди.

Бошқа савол берилмади. Шивир-шивирлар бошланди. Журналистнинг на соқоли, на “оқ қалпоқчаси” бор эди...

Журналист тирик. Тадбирдан сўнг босим ҳам бўлгани йўқ, жиддий ташкилотлар томонидан “нега бундай савол бердинг” ҳам дейилмади!

Фақат журналистга керакми?

Савол туғилади. Нега шу каби тадбирларда саволни кўпинча журналист бериши керак? Хўп, унинг шахсий ҳаёти, оиласи йўқми? Борингки, англашилмовчиликларга барҳам бериш, қалтисроқ савол бериш айбми?

Бир мисол, ўтган шанба куни сиёсий партияларнинг тўғридан-тўғри дебатини кузатдик. Партияларнинг ўзаро савол-жавоби гўштсиз шўрвадан бошқа нарса бўлмади. Қуруқ сув. Наинки, сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган одамлар, балки сериалдан бошқани тан олмайдиган аммамнинг ҳам энсаси қотди. Кулгиси қистади.

Хўш, сиёсий партиялар вакилларининг, аъзоларининг оиласи, шахсий ҳаёти бору, қалтис саволни ўртага ташлаган ОАВ ходимларида йўқми?

Иддао эмас, сўз эркинлиги, дея бонг уриш, босимни ҳис этиш кўпроқ журналистларнинг чекига тушмоқда.

Яна бир нарсани аниқлаштириб олайлик. Сўз эркинлиги – фақат ОАВда, ижтимоий тармоқларда очиқ гапларнинг айтилиши эмас. Сўз эркинлиги ободонлаштириш бошқармасининг ходими раҳбарига эркин гапира олиши, ҳаққини талаб қила олиши ҳамдир. Уч юз кишилик йиғинда раҳбарларга “бу нозик мавзу” демасдан, исталган одамнинг қўрқмай совол бера олиши ҳамдир. Бунинг учун “сувга чўкмаслик”, “йўқолиб қолмаслик” ҳамдир.

Афсуски, сийқаси чиққан гап бўлсаям айтаман, ҳали биз ташқи цензурадан кўра, ички цензурага кўпроқ мутемиз. Савол беролмаймиз, фикримизни айтолмаймиз. Ишдан айрилиб қоламан, деб ўйлаймиз. Болаларим оч қолади, деб ўйлаймиз? Ваҳоланки, сўз эркинлиги таъминланган жамиятда ҳеч кимнинг боласи оч қолмайди. Оч қолганлар оч қолганини айта олади.

Демак, СЎЗ ЭРКИНЛИГИ ҳаммамизга керак. Бу дардингизни, муаммоингизни ЮҚОРИГА етказиш имкониятидир.

Ҳеч бир жамиятга сўз эркинлиги осонликча берилмаган. Ўтган аср қатағонлар, қурбонлар асри бўлди. Ҳаммасига СЎЗ айбдор. Эркин сўз айтмоқ истаги сабабдир.

Бугун бойлар ҳам, сўз эркинлиги учун курашаётганлар ҳам ЎЗИМИЗДАН. Бегона эмас. Бугун бизда аччиқ тажрибалар бор. Яхши намуналар бор. Аммо “олтин ўрталиққа” кўниш ҳам, кўндириш ҳам осон бўлмайди!..

Демак, оммавий ахборот воситалари ўзаро тош улоқтиришимиздан, аравани билганимизча тортганимиздан маъни йўқ.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.