Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эрта соғу омон учрашмоқ учун(Уйда бўлайлик!)

Айрилмаймиз, ажраламиз муваққат
Эрта соғу омон учрашмоқ учун.
Таҳдидли кунларни доғда қолдириб,
Соғинган дилларни хушлашмоқ учун.
Уйда бўлайлик!

Ҳансираб, “қонсираб” кўча-кўйларда
Телба кезиб юрса коронавирус.
Жону тан соғлиғин гаровга қўймай -
Уйда ўтирганинг шубҳасиз дуруст.
Уйда бўлайлик!

Саранжом саришта хонадонингда
Шукр қил, йўқ нарса ўзи йўқ бу кун.
Халқпарвар мамлакат фуқаросисан
Ғамхўр ҳомийликдан кўнгил тўқ бу кун.
Уйда бўлайлик!

Қачон, қайси юртда эл-улус учун
Ҳозир биздагидек ғамхўрлик бўлган?!
Афсуски, кўпинча авом устидан
Контр ўрнатилган, ҳам зўрлик бўлган.
Уйда бўлайлик!

Ал хусус, бугунги синов дамларда
Юртбоши юртининг эртасин ўйлаб.
Зарур юмушларни бўйнига олиб,
Тартиб жорий қилди мамлакат бўйлаб:
Уйда бўлайлик!

“Барча эҳтиёжинг бажо қилинур
Сен уйда бўлсанг бас, хизматинг шулдир.
Оиланг, маҳалланг, давлатинг учун
Қилган олийжаноб ҳимматинг шулдир”.
Уйда бўлайлик!

Одил раҳнамомиз фармони – бугун:
Тартиб-қоидани бузмасанг етар.
Ниятни яхши қил, пок озода бўл!
Ҳадемай, бу кунлар ҳам ўтиб кетар...
Уйда бўлайлик!

Аслин олганда уйқу паноҳинг
Ноилож, саргардон кезганинг чоғлар.
Уйнинг ҳаловатин бераолмайди
Муваққат бағрига олган гулбоғлар.
Уйда бўлайлик!

Бугун уйинг сенинг ҳалоскорингдир,
Турли балоларнинг йўлидаги ғов.
Саранжом саришта хонадонингга
Қадам қўяолмас манфур қаттол ёв.
Уйда бўлайлик!

Сўзсиз, уйда қолмоқ тутқунлик эмас,
Аксинча, курашда энг синалган йўл.
Хотирни жам қилиб сабру бардошда,
Эзгу дуоларда очиб турсанг қўл.
Уйда қолайлик!

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.