Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Газетага ҳеч қачон мажбурий Обуна бўлмайман

Бунинг учун эса юртимиз ва жаҳонда бўлаётган янгиликлардан вақтида хабардор бўлиш керак. Бугун, айниқса, шаҳарда яшаётган юртдошларимиз интернетдан доимий фойдаланиб, бу борада анча илғорлаб кетди…

Ўқитувчилар ва шифокорлар, умуман, зиёлилар мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўринга эгадирки, уларсиз жамият аъзоларини тарбиялаш ҳам, соғломлаштириш ҳам мушкул. Таълим-тарбия илм-маърифатсиз юзага чиқмайди. Илм тарғиботи эса албатта, биргина таълим муассасалари билан эмас, оммавий ахборот воситалари орқали ҳам амалга оширилади.

Республикамиз вақтли матбуот нашрларига обуна масаласи шу вақтгача унга нотўғри муносабатда бўлиб келингани учун аҳоли орасида баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Айрим газета ва журналларга обунанинг мажбурий тус олиши кишиларнинг ўз хоҳиши билан ўзлари истаган нашрларга обуна бўла олмасликларига олиб келди. Энг ёмони, обуна билан шуғулланаётган ташкилотлар бу мавзуни одамларга тўғри тушунтиролмади. Газета тар­қатувчилар эса газетани вақтида етказмагани боис халқда норозилик пайдо бўлди.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида турмуш даражамиз ўзимиз истагандек жуда юқори бўлмаса-да, отам партия нашрларидан ташқари, оилада соғлом муҳитни таъминлаш учун "Пахтакор овози", "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") "Фан ва турмуш", "Шарқ юлдузи", "Ўзбекистон маданияти", "Саодат", "Гулистон" каби газета ва журналларга ҳар йили обуна бўларди. Ўша йиллари техника бугунгидай ривожланмаган бўлса-да, чекка қишлоқларга ҳам газета етиб келарди. Газетани мунтазам ўқиб бориш кишининг онгини ва дунёқарашини оширибгина қолмай, ёзма саводхонлигининг юксалишига ҳам ёрдам бериши ҳақида кўп эшитганман.

Мен ҳам оилада мана шундай муҳитни шакллантирдим ва фарзандларим, набираларим билан "Самар­қанд университети", "Зарафшон", "Самарқанд", "Халқ сўзи", "Ўзбекистон овози", "Ўзбек­истон адабиёти ва санъати", "Бошланғич таълим", "Тил ва адабиёт таълими", "Ўзбек тили ва адабиёти", "Оила даврасида", "Шифо-инфо", "Билимдон", "Болажон" каби босма нашрларни мунтазам ўқиб борамиз. Улардан ўзимиз учун керакли маълумотлар олиб, мамлакатимиз ва дунёда бўлаётган янгиликлардан хабардор бўламиз.

Мажбурий обунанинг тақиқланиши тўғри. Аммо бу мамлакатимизда нашр этилаётган газета ва журналларга обуна бўлмаслик керак дегани эмас. Ахир чекка қишлоқларда яшаётган одамлар туман газетасини, вилоят газетасини ўқимасдан туриб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, юз бераётган янгиликлардан қандай хабардор бўлади? Ўқитувчи, шифокор, қурувчи, чорвадор, деҳқон, фермер, иқтисодчи, ҳисобчи, дизайнер, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ички ишлар ходимлари ўз мутахассисликларига доир газетани мунтазам ўқиб бормасдан ўз билими, малакаси, тажрибасини қандай оширади? Даврдан, жамиятдан, ҳамкасбларидан ортда қолиб кетмайдими? Болаларимиз-чи, улар ким бўлиб вояга етади?

Бир ўйлаб кўрайлик! "Мажбурий обуна тақиқланди, энди бизни газета ва журналларга мажбурий обуна қила олмайсиз", деб бонг уришдан олдин мазкур нашр­ларнинг маданий ва маънавий ҳаётимизда тутган ўрнини бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Айниқса, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари директорлари, ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, шифохоналар, корхоналар раҳбарларининг газета ўқи­маслигини тасаввур қилиш мумкинми?

Хуллас, юртимизда юксак маънавиятли, маърифатли, билимдон, жамият равнақи учун дадил курашадиган, турмуш ташвишларини тўғри танқид ва таҳлил қила оладиган газетхон, журналхон ва китобхонлар қачон кўпаяди?

Мардон БОЛТАЕВ,

СамДУ доценти.