Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Газсизликка чидаймиз, сувсизликка чидаймиз, аммо адолатсизликка йўқ!”

-  Мен узоқ йиллар давлат ташкилотида ишлаб, эндиликда нафақага чиққанман.  Коммунал тўловларни ҳар доим маошимдан тўлаб келганман. Эндиликда ўғлим тўловларни  амалга оширяпти. Яқинда туман электр тармоқлари корхонасидан  фалон суммадаги қарздорлик келибди. Бу нима деган гап, ёрдам бера оласизми?

Бугун эрталабдан бирлашмага мурожаат қилувчиларнинг арзларини эшитиб,  ҳайрон бўлмадик. Яна шу муаммо – газ, сув, электр... Бу кекса отахонни саратоннинг жазирамасида уйидан чиқишга мажбур қилган муаммо сизу бизни безовта қилмайди, десангиз адашасиз. Бир нарсага аминмиз. Руҳиятимиз шундай  эканки, қаҳратон қишда газсиз, жазирама иссиқда сувсиз қолиб кетсак-да,  чидаймиз, нолимаймиз, ҳеч қаерга мурожаат қилмаймиз! Аммо ичмаган сув учун,  ишлатилмаган газ учун отнинг калласидек қарздорлик ёзишса, энди бунга чора кўрмаса бўлмайди! Вилоят “Истеъмолчи”га ҳар хил одамлар турли муаммолари билан арз қиладилар. Тан олиш керак, баъзан куракда турмайдиган, “ақл бовар қилмайдиган” мурожаатлар ҳам бўлиб туради.

Аммо уларнинг аксарият қисми газ, электр ва ичимлик суви билан боғлиқ шикоятлар эканига амин бўласиз. Бир мавзу ҳақида ҳадеганда маълумот ва хабар тайёрлайвериш балки зерикарли ишдир, аммо мавжуд муаммони яшириб ўтиришнинг ҳам имкони йўқ. “Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади!”

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига Пастдарғом туманининг “Чархин”  қўрғонида истиқомат қилувчи  Н.Қодирова мурожаат қилган. Мурожаатда келтирилишича, туман газ таъминоти корхонаси томонидан фуқаро хонадонига  6 йил олдинги тўлов бўйича 1 362 514 (бир миллион уч юз олтмиш икки минг беш юз ўн тўрт) сўм  қарздорлик белгиланган. Бундан норози бўлган истеъмолчи  ташкилотга арз қиляпти. Бирлашма мутасаддилари томонидан туман газ идораси ва МИБ масъул ходимлари иштирокида хонадонда ўтказилган қайта ҳатлов натижасида фуқаро қарздор эмас, аксинча ортиқча  207 894 (икки юз етти минг саккиз юз тўқсон тўрт) сўм тўлови борлиги, яъни ҳақдорлиги аниқланди.

 Гулчеҳра Бердиёрова.