Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, ўзгаришлар ташаббускори

Aёлларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ва уларга ўз салоҳиятларини тўла намоён этиш имкониятларини бериш нафақат гендер тенгликка, балки ривожланишнинг кенг босқичларига эришиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенция қабул қилинган.

Конвенция хотин-қизлар ва эркакларнинг амалдаги тенглиги, яъни гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни аниқ-равшан белгилаган.

Конвенция аъзоси сифатида мамлакатимизда ҳам хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, гендер тенглик бўйича институционал асослар кенгайтирилмоқда. Айни пайтда Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият олиб бормоқда. Қўмита аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланади.

Бу борада умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилди. Мисол учун, 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилди. Бунда ҳар бир туман ва шаҳар учун алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланиб, оиласида ногиронлиги бўлган аёлларга маиший техникалар берилиб, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг уй-жой шароити яхшиланяпти.

Ҳар бир ҳудудда “Аёллар тадбиркорлиги марказлари” ташкил этилиб, тегишли мақсадли жамғармалар ва тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳамда касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бўлган ишсиз хотин-қизлар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” юритиляпти.

Умуман, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш, шу орқали оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал салоҳиятли ёш авлодни вояга етказиш жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.

Муҳаррам Ҳамроева,

Самарқанд вилояти прокурорининг вояга етмаганлар ҳақидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналиши бўйича ёрдамчиси.

***

Давлатимизда Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифа ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситиш­ларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражасида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштироки ҳамда етакчилиги учун тенг имконият таъминланиши зарур.

Шу мақсадда, бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглик, аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, мақомини кучайтириш тўғрисидаги Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Жумладан, “Хотин-қизларни таз­йиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир.

Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахс­ларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш респуб­лика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.

2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш учун “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ҳар хил камситиш шаклларига мойил бўлган хотин-қизларнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш долзарб масала.

Гендер тенглик борасида қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш прокуратура органлари томонидан одиллик ва адолат билан олиб борилмоқда. Бош прокуратурада ҳам гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилган.

Норсулув Сойипова,

Самарқанд шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.