Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар қандай ёритиладиган материал ҳуқуқий асосланган бўлиши лозим

“Журналистика: ҳуқуқий амалиёт ва кўникмалар” мавзусида Самарқанд шаҳрида ташкил этилган икки кунлик ўқув-семинарида худди шу масала юзасидан фикр юритилди.

Унда вилоятимиздаги оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлар, ташкилотлар матбуот хизмати ходимларининг ҳуқуқий билимлари оширилди. 

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлари доктори Бобоқул Тошев ҳар қандай ёритиладиган материал ҳуқуқий асосланган бўлиши, оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунда белгиланган меъёрларга мос келиши лозимлиги, ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ф.Тошев вилоятда фаолият кўрсатаётган соҳа вакилларига бу каби семинарлардан самарали фойдаланиш кераклиги, орттирган тажрибаларини ўзлари билан ишлаётган ходимларга ҳам етказиши зарурлиги ҳамда амалиётда қўллаши хусусида сўз юритди.

Семинарда журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, дахлсизлиги, касбга оид одоб-ахлоқ қоидалари, мақолалар шахс ва жамият манфаатини кўзлаган ҳолда холислик мезонлари асосида ёритилиши, қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари тушунтирилди.

Шунингдек, юридик адабиёт ва луғатлардан фойдаланиш, терминларни тўғри қўллаш, нутқ ва ёзма қобилиятни ривожлантириш орқали суҳбатдош билан юридик тилда мулоқотга киришиш бўйича тавсиялар берилди. Энг муҳими, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этмаслик, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузмаслик, коррупцияга қарши курашишга оид ахборотларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалалари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

– Ҳуқуқий тарғиботни аҳолига етказишда ОАВ билан ҳамкорлик энг осон ва мақбул йўл сифатида ўз самарасини бериб келмоқда, – деди Б.Тошев. – Шу сабаб, бу каби ўқув-семинарларни вилоятларнинг ўзида ташкил этяпмиз. Бунда биз ҳам янги ғоялар, таклифлар оламиз ва уни ҳаётга татбиқ этамиз.                                                                                                                    Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.