Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбийлар фахрий ҳарбийни байрам билан табриклади

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов Каттақўрғон шаҳар ва туман ҳокимлари М.Ҳошимов ва А.Баҳромов ҳамроҳлигида ҳудудда яшовчи Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари хонадонига бориб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғаларини топширди.

Каттақўрғон шаҳри, Зарифобод маҳалласида турмуш ўртоғи Инна Котляр билан кексалик гаштини сураётган Алексей Котляр 1926 йилда Россиянинг Олтой ўлкасида туғилган. Ўн етти ёшида фротга сафарбар этилиб, жанггоҳларда мардлик кўрсатди.

Урушдан кейин Қозон шаҳар Танк қўмондонлик билим юртида таҳсил олган Алексей Котлярнинг ҳаёти Ўзбекистон билан боғланди. Чирчиқдаги ҳарбий билим юртида фаолият олиб борди. Сўнгра Каттақўрғон гарнизонидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилди.

– Шу юртда бахтимни топдим, инсоний қадр-қимматга эга бўлдим, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Алексей Котляр. – Фарзандларим Россияда яшайди, улар бизни олиб кетишга ҳаракат қилишди. Аммо бормадик. Чунки Ўзбекистон бизнинг Ватанимиз. Шу элнинг ҳурмат-эътиборида, эъзозидамиз. Инсон учун бундан ортиқ бахт йўқ.

Алексей Котлярга Президентимиз фармонига кўра, пул мукофоти ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Каттақўрғон туманида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари — Раҳмат Қобилов, Раим Юсупов, Шукур Норов, Рауф Санақуловларнинг хонадони ҳам бугун байрам шукуҳига тўлди. Ҳарбий оркестр, кенг жамоатчилик ҳамроҳлигида фахрийлар хонадонига ташриф буюрган масъул ходимлар отахонларни Ғалабанинг 74 йиллиги билан табриклаб, уларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари тақдим этди.

– Уруш деган сўз умуман луғатлардан ўчса ҳам майли, – дейди Олмазор маҳалласида яшаётган Рауф бобо Санақулов. – Бизни уруш қатнашчиси, демай Ватан ҳимоячиси, деб атасалар ҳам хурсанд бўламиз. Кўрсатилаётган бундай эътибор, ғамхўрликдан миннатдормиз. Илоҳим, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.

А.Исроилов.