Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳисобот учун ёзилган мақола олимнинг илмий салоҳиятини кўрсатмайди

СамДУ доценти Абдулла Қувватовнинг «ОТМ ўқитувчисига илмий мақоласига қараб баҳо бериладими?» сарлавҳали мақоласи («Зарафшон» 2020 йил, 9 июль, Zarnews.uz сайти)га олимлардан ҳатто телефон орқали ҳам муносабат бўлавермагач, бу ишни ўзим бошлаб беришга жазм этдим.

Аввало, ушбу масалани ижтимоий эмас, аниқ фан мутахассиси кўтарганининг ўзи мақтовга молик. Зеро, биз илм-фандаги тартибсизлик ва номутаносиблик жамиятга бошқа омиллардан кўра, тез ва фаол таъсир кўрсатишини англаб етдик. Энг ёмони, олим учун илмий, илмий-оммабоп мақола ёзиш мажбурияти адолатсизлик баробарида коррупцион муҳитнинг тегирмонига сув қуйиб келяпти.

У ёки бу танловда, аттестацияда мақолалар сонини кўрсатиш анъанага айланди. Мазмуни билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ, бу нарса мониторинг қилинмайди.

Олимликни даъво қилган ёшлар ўз илмий мақолаларида, албатта раҳбарнинг асарларидан иштибоҳ келтириши ёки раҳбарининг фамилиясини биринчи муаллиф сифатида қўйиши шарт. Ҳатто газетачиликда муаллифлар кўпайиб кетибди, деган мақсадда бир-икки фамилияни олиб қўйганимизда шу мақолани ёзган инсон фамилияси тушиб қолган ҳолат ҳам бўлган. Энг ёмони, бу анъана ёш олимда фикр айтишдан кўра, илмий раҳбар кўнглини олиш кайфиятини оширади.

Яна бир тоифа ҳаммуалифлар борки, улар ота-бола, қайнота-келин, тоға-жиян ва ҳоказо. Бояқиш ёш олим бундай «анъана»да материал матнини таҳририятга етказувчи вазифасини бажаради, холос. Гоҳида бундайлар ўз мақоласини матбуотда босилгандан кейин ўқийди. Оқсоқол олимларга бу борада эътироз билдирганимда, мингта баҳона билан ўзини оқламоқчи бўлишади.

Йўқ, бу билан илмий ҳамкорликни йўққа чиқармоқчи эмасман. Лекин у «қўллаб-қувватлаш», «ёрдам бериб юбориш» эмас, ҳақиқий фикр алмашувчи, ҳамкорлик бўлмоғи лозим. Илмий раҳбар шогирдининг кичик мақоласини кўриб, таҳрир қилгани учун ҳаммуаллифлик талаб этмаса ҳам бўлар.

Кимгадир ёқмаган майда-чуйда бўлиб кўринса-да, А.Қувватов айтган нуқтаи назар ана шу ҳолатдан илдиз отган ва бугун катта муаммога айланиб етди.

Ф.ТОШЕВ.