Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким олган «Каптива» бўйича Бош прокуратурага сўров юборилди

Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги томонидан “Mega Karer” МЧЖдан “Captiva” русумли автомобиль 260 миллион сўмга сотиб олингани тўғрисида хабарлар тарқалди. Хабарда сотувчи туман ҳокимининг яқин қариндоши эканига алоҳида урғу берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳақиқатдан ҳам Паркент тумани ҳокимлиги “Captiva” автомобили харид қилган ва воситачи корхона таъсисчиларидан бири туман ҳокимининг ўғли эканини тасдиқлаган.

Бу ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам бефарқ қараб турмади.

Юқоридаги ҳаракатларда давлат ҳокимияти вакилининг ўз мансабидан фойдаланган ҳолда коррупцияга йўл қўйиш аломатлари мавжудлигини инобатга олиб, агентлик мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўровнома юборди. Ҳолат юзасидан ОАВ ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилади, дея хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати.