Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ИИВ фуқароларни сохта хабарлардан огоҳлантирди

Сўнгги пайтларда фуқароларимиз томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш орқали “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида сизиб чиқувчи, ойнада фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки, ИИВ томонидан у 200 000 сўм (айрим ҳолларда 300 000 сўм) миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Шунингдек, “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўлов амалга оширилиши лозимлиги, акс ҳолда қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаши талаби билан SMS хабар юборилиши ҳақида маълумот пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб-браузери блокировка ҳолатига тушиб қолмоқда.

Таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас;

– “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.

Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фуқароларни интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслик учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирган.

Бугунги кунда юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини маълум қиламиз.