Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Илҳақ” - уруш ортидаги қаҳрамонлар жасорати

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан халқимизга хос бўлган эзгу фазилатларни тараннум этган икки фильм экранда намойиш этилди. “Илҳақ” ва “101” фильмлари илк намойишдаёқ минглаб юртдошларимизнинг қалбини ларзага солди.

Бу фильмда уруш ортидаги халқимизнинг, муштипар оналаримизнинг, аёлларимизнинг жасорати, матонати, фидоийлиги, меҳнатсеварлиги, оиласига, Ватанига бўлган меҳри ва садоқати намойиш этилган. Тошкент вилояти Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик Зулфия ая Зокирова тақдири хусусида ҳикоя қилинадиган мазкур фильмнинг ютуқларидан бири реал воқеликка асосланганлигида. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва Ҳасан Тошхўжаев ҳаммуаллифлигида ёзилган асар профессионал ишланган. Актёрлар маҳорати, саҳна ўша давр руҳиятини бера олган. Кинода актёрларнинг юзи сўзлайди. Уларнинг нигоҳидан қувончни, қаҳрни, нафратни, ҳатто беғубор муҳаббатни илғаш мумкин.

Зулфия аянинг кино бошидаги мағрур қадди, юзидаги фарзандлари камолидан хурсандлиги аста-аста қайғуга, аламга айланади. Ахир беш нафар фарзандини урушга юбориб, улардан кетма-кет қора хат олган онанинг юрак бағри қон бўлмайдими? Аммо шунда ҳам ая келинлари, неваралари камоли учун қаддини тик тутади.

Айниқса, ая бор изтиробларини сой бўйига бориб тўкиб келиши, келинларига уни кўрсатишни истамагани унинг мардлигидан далолат. Зулфия ая тимсолида минглаб оналаримизнинг юрагининг бир парчаси ёш навқирон фарзандларини урушга юбориб, унсиз йиғлаган қалбини, келинлари тимсолида ўзбек аёлларининг оиласига, турмуш ўртоғининг пок хотирасига бўлган садоқатини ҳам кўриш мумкин.

Актёрлар ижроси ҳам фильмнинг муваффақиятини таъминлаган. Ая фарзандларидаги чапанилик, ғурур, орият халқимизнинг мард ўғлонларига хос фазилат эди. Буни ҳар бир фарзанди ўзининг қаҳрамонларча курашида намоён этган. Немислар қўлига асир тушган аканинг ватанига содиқлиги, юртдошларининг тақдири укасининг ўлимидан ҳам афзаллигини кўрсангиз, қизалоқни ўрмонга юбориб ўзи немис газандаларини қириш учун ўлимга тик боққани ўзбекларга хос мардлик намунаси эди. Яраланиб уйига қайтган Муҳаммаджоннинг қайта урушга кетишида йигитлик орияти намоён бўлади.

Фильмнинг сўнгги лавҳаларидан бири. Урушни ғалаба билан тугаганлиги ҳақидаги хушхабарни ҳамма ҳаяжон билан эшитмоқда. Барчанинг кўзида қувонч ёшлари.  Лекин онанинг қалбида ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ бор.  "Бирортасиям қайтиб келмади-я...", беихтиёр шивирлайди онанинг лаблари. Томошабинни ларзага солмай иложи йўқ, бу кадрлар...

Илҳақ. Қалбида илҳақ бўлиб фарзандларини кутган она тимсоли. Фильм сўнггида кексайган Зулфия ая кенжа ўғлининг дарагини топгачгина жони ором олади. Зулфия ая мисолида ўзбек оналарининг тенгсиз меҳрини, матонатини кўрдим.

“101” фильмида эса ўзбек ўғлонларимизнинг ватанига садоқати, метин иродаси намойиш этилди. 101 нафар асирларнинг самарқандлик эканлиги қалбимизда фахр туйғусини уйғотади. Фильмнинг аксарият қисми Самарқандда, хусусан, Нуробод ва Ургут туманларида олинган. Бундаги оммавий саҳналарда вилоят мусиқали драма театри актёрлари ҳам иштирок этди. Жамоа ажойиб таркиб билан ишлаган. Немис фашистлари жангчиларининг жанговар руҳини кўтариш, уларнинг ғалабага бўлган ишончини юксалтириш учун 101 нафар асирни турли қийноқларга солиб, оч қолдириб, азоблаб, уларнинг ҳайвоний қиёфасини кўрсатмоқчи бўлади. Бу ҳақда ишланадиган кинофильмга бир бурда нон учун бир-бирини ўлдиришга-да тайёр асирлар лавҳаси керак эди. Бизнинг мард, жасур қаҳрамонларимиз уларнинг барча қийноқларига, азобларига чидайди. Айниқса, уларга отилган нонни кўзига суртиб, қирқ бўлиб ейиши, халқимизга хос қадрият, эзгу фазилатлардан бири. Фильмда мана шундай жасоратлар улуғланган.

Айниқса, ўлим олдидан юртдошларимизнинг мағрур қиёфасига боқиб, ҳеч бир куч уларни енга олмаслигини тушуниб етиш қийин эмас. Бу хислатлар бизга ота-бобомиздан мерос қолган қадриятлардир.

Бахтиёр РАҲИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.