Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқтисодиёт барқарор бўлса, аҳоли турмуш даражаси ошади

Аввал хабар қилганимиздек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Депутатлар дастлаб камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни тинглади.

Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ҳисобот берди. Қайд этилганидек, вилоятда бугунги кунда 16 мингта камбағал оила рўйхатга олинган.

Мазкур рўйхатни қисқартиришда, аввало, ишсиз фуқароларни мавжуд бўш (вакансия) иш ўринлари ва инвестиция дастурлари доирасида яратиладиган янги иш ўринлари асосида бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, аҳолини шахсий ва дала томорқаларида бандлигини таъминлаш, кооперативлар ташкил этиш ва уларга мақсадли субсидиялар ажратиш, муҳтож оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, 12 минг 24 фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилади. Шунингдек, 977 нафар томорқа ер эгаларига 4,5 миллиард, 960 та дала кооперативлари аъзоларига 2,1 миллиард сўм субсидия ажратилади. 80 минг фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали иш билан таъминланади.

Камбағалликни қисқартиришда ташаббус депутатларда бўлади

Сессияда шундай қарорга келинди. Бунинг учун вилоят Кенгашининг ҳар бир депутатига 50 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Улар ўз округидаги 10 нафардан камбағал оила рўйхатини шакллантиради ва бу хонадонларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши, имтиёзли кредит ажратилишини назоратга олади.

Шунингдек, депутатлар камбағалликдан чиқариш бўйича бажарилаётган ишлар натижадорлигини назоратга олиб, йўналишлар кесимида ўз таклифларини беради. Негаки, ҳар бир ҳудуднинг ўз ривожланиш тенденциялари ва имкониятлари мавжуд. Шу жиҳатдан куч ва маблағ ноўрин йўналтирилмаслиги керак.

Сессияда қайд этилишича, вилоятимизда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ишларини ташкил этиш учун республика бюджетидан 10 миллиард сўм пул ажратилиши кутилмоқда. Демак, бундан унумли фойдаланиш зарур.

Туризм рақобатбардош бўлиши лозим

Сессия ишида, шунингдек, вилоятда сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, кўпроқ меҳмонларни жалб қилиш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Биргина хитойлик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган туристик марказ учун 350 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган. Ёки Имом Бухорий зиёратгоҳи ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилади. Ўз навбатида бундай лойиҳалар билан параллел равишда қатор инфратузилма объектлари барпо этилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Сессияда депутатлар бу борада оддий масалалар ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарурлигини қайд этди. Бугунги кескин рақобат муҳитида эътирозларга ўрин қолдирмаслик зарурлиги айтилди.

Хусусан, тарихий обидалар атрофидаги автотураргоҳларни хусусий сектор бошқарувига бериш, сайёҳлик объектларида аудиогид хизматини йўлга қўйиш, тунги хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталари фаолиятини кенгайтириш таклиф қилинди. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш, бунда мавжуд ресурсларни ишга солиш зарурлиги айтилди.

Пахтачи «қизил ҳудуд»дан чиқади(ми?)

Сессия ишида туман ҳокими М.Ҳамдамов шу ҳақда ҳисобот берди. Қайд этилишича, 2021-2023 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 762,4 миллиард сўмлик 155 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, 2040 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Шунингдек, тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан 2 минг 200 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Тумандаги 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшлардан 1441 нафарига ер ажратиш, 805 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш, 1950 нафарига имтиёзли кредит маблағлари бериш режалаштирилган. Султонобод массиви ҳудудидан 2,4 гектар ер майдонида “Ёшлар саноат зонаси” ташкил қилинмоқда.

Жорий йилда туман марказида 385 хонадонга мўлжалланган 9 та кўп қаватли уй қурилади. Электр энергияси таъминотини яхшилаш учун қўшимча 9 та янги трансформатор пункти ўрнатилиб, 67 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади ҳамда 7,9 километр янги ҳаво тармоқлари тортилади. Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 20,5 миллиард сўм маблағ эвазига 101 километр тармоқ тортиш ҳамда Нурафшон маҳалласида сув иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Сессияда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.