Иштихон бозоридаги тартибсизликлар қачон барҳам топади?

Яқинда "Иштихон деҳқон бозори" ёнидан ўтдим. Бозор йўл ёқасига кўчган. Ҳатто, машинадан туриб, нарса харид қилсангиз ҳам бўлади.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, дастлаб бир кунда бозордаги барча тадбиркорлар туман ташқарисидаги шароити ҳаминқадар бозорчага кўчирилган. Аммо шароит ёқмаганми ёки харидор камайиб кетишидан қўрқишганми, савдогарлар бозорчадан қайтиб келиб, туман марказидаги кўчада савдо-сотиқ ишларини бошлаб юборишган. Барчанинг оғзида шу гап: "Бозор кўчармиш, ўрнида кўп қаватли уйлар қурилармиш, тадбиркорларга сотилармиш…"

Бу каби гап-сўзларга аниқлик киритиш мақсадида туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимовга мурожаат қилдик. 

–  "Иштихон деҳқон бозори" кўчирилмайди, балки замон талабларига мос тарзда қайта қурилади, - деди Ш.Ибрагимов. – Ҳозирда бозор расталари орасидаги йўлаклар, бозор маъмуриятига тегишли бинолар ҳокимлик ва бозор маъмурияти томонидан ажратилган маблағ ҳисобига таъмирланмоқда. Шунингдек, чиқиндихона, замонавий ҳожатхоналар ҳам қурилмоқда. Бозор ичидаги дўконлар, расталар эса фойдаланувчи тадбиркорлар томонидан ободонлаштирилмоқда. Яқин кунларда барча қулайликларга эга, замонавий, кўркам "Иштихон деҳқон бозори" ўз эгаларига топширилади. “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилиши доимий назоратга олинади.

Отабек ШАРОФОВ.