Иштихонда ёшлар “Ёшлар меҳнат гузари”дан қандай фойдаланяпти?
Ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда “Ёшлар меҳнат гузари”даги камчиликлар муҳокама қилинди. Унда айтилишича, Президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида вилоятда жами 250 та “Ёшлар меҳнат гузари”, “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-маркази ва бошқа объектларқурилиши ва фойдаланишга топширилиши бўйича шаҳар-туман ҳокимликлари томонидан тегишли ҳужжатлар имзоланган.
Жумладан, Иштихон туманида 36 та ана шундай мажмуа қурилиб, фойдаланишга топширилиши ва ўнлаб ёшларнинг бандлиги таъминланиши режалаштирилган. Аммо бугунги кунга қадар бор-йўғи 7 та объект барпо этилиб, фаолияти йўлга қўйилган. 25 тасининг қурилиши якунига етмаган. Қолаверса, туманда 4 та объектнинг қурилиш ишлари ҳозирга қадар бошланмаган.
Ачинарлиси,фуқаро Д.Зариповга “Ёшлар меҳнат гузари” қуриш учун ажратилган 40 сотих ер майдонида шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқмасдан, ноқонуний равишда уй-жой қуриб олинган.
Шу каби ҳолатларни ўрганиш мақсадида Иштихонда бўлдик. Аввало, туманда қурилиб, фойдаланишга топширилган бир қатор "Ёшлар меҳнат гузари" фаолияти билан танишмоқчи бўлдик. Туман ёшлар ишлари бўлими масъуллари ҳамроҳлигида Моҳипар маҳалласи Холажон қишлоғида бунёд этилган объектни кўздан кечирдик. Кўринишидан бу бино “Ёшлар меҳнат гузари”га ўхшамайди. Беш хонадан иборат мазкур объектда бор-йўғи бир нафар ёш иш билан банд. У ҳам озиқ-овқат савдоси билан шуғулланаётган экан.
Яна бир хонаси новвойхонага мўлжалланган. Хонадаги бетартиблик ва бадбўй ҳиддан шуни англаш мумкинки, анчадан бери бу ерда нон пиширилмаган. Кўринишидан яна бир хонасида қандолатчилик маҳсулотлари тайёрланган, аммо бугунги кунда унинг ҳам фаолияти тўхтатилган. Яна бирининг қурилиши якунига етмаган бўлса, бошқасида қоғоз қутилар сақланяпти.
- 2019 йилда туман ҳокимининг қарори асосида 8 сотих ер ажратилган, - дейди фуқаро Озоджон Шодиёров. – Бу ерда “Ёшлар меҳнат гузари” учун бино қурдирдим. Бунинг учун 800 миллион сўм атрофида маблағ сарфладим. Аммо қишлоқ шароитида самара бермаяпти. Мажмуада фаолият бошлаган ёш тадбиркорларнинг иши юришиб кетмаяпти. Маҳалламиз туман марказидан анча олисда жойлашган. Мажмуада тайёрланадиган маҳсулотларга, кўрсатиладиган хизматларга етарлича мижоз топиш қийин. Бундан ташқари, солиқ ва ижара пуллари, дегандай...
Иштихонлик ишсиз ёшлар учун фаолияти яхши йўлга қўйилган меҳнат гузарларининг бири сифатида кўрсатилган мазкур мажмуанинг аҳволи шу бўладиган бўлса, қолганлари қандай ҳолатда экан-а?
Афсуски, туманда фаолият кўрсатаётган, қурилиши чала ёки умуман бошланмаган объектлар ҳақида тўлиқ маълумот берадиган масъулни тополмадик. Туман ёшлар ишлари бўлимидан олинган маълумот эса сал бошқача, яъни режадаги “Ёшлар меҳнат гузари”, “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва бошқа объектларнинг 12 таси фойдаланишга топширилган, 11 таси бунёд этилиб, фойдаланишга топширилмаган, 10 тасининг қурилиш ишлари якунига етмаган. 3 та объект учун ажратилган ер майдони бўш турибди.
Таъкидлаш лозимки, қарорлар қабул қилинганидан бир неча йил ўтган бўлса-да, ҳокимлик масъул ходимларининг бефарқлиги натижасида мажмуалар қурилиши ҳалигача бошланмаган ёки якунига етказилмаган. Бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган объектларнинг ҳам фаолияти кўнгилдагидек эмас. Ажратилаётган маблағлардан, яратилаётган имкониятлардан, асосийси, ўтиб бораётган вақтдан унумли фойдаланилмас экан, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Биз фикримизни ўртага ташладик, қолгани масъулларнинг ўзларига ҳавола.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.