Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳисобда бору, аммо ўзи йўқ тарбиячиларнинг ойлигини олиб юрган мудиранинг жинояти фош бўлди

Боғчани меҳр маскани деймиз. Чунки меҳр бўлмаса бу ерда болаларни кун бўйи олиб ўтиришнинг иложи йўқ. Аммо ушбу меҳрли масканнинг «катта»си ишламаган тарбиячини ишлади, деб унга ойлик-маош ёзса, унинг  учун сохта имзо чекиб, ўзгани ҳам, давлатни ҳам алдаб, қаллоблик қилса…

Ушбу кўзбўямачилик Самарқанд туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида содир бўлган. Боғча мудираси 15 йил (!) давомида ўзининг олти нафар қариндошига ойлик иш ҳақи ёзиб, шу йиллар мобайнида уларнинг ўрнга ўзи имзо чекиб, пулини олиб юрган. Наҳотки мудиранинг бу ишидан шу пайтгача ҳеч ким хабардор бўлмаган бўлса, боғча ҳисобчиси, хазинабончи?

«Бировнинг ҳақи – балонинг ўқи» деган нақл бор халқимизда. Афсуски, бу мақолни эътиборга олмаганларнинг аҳволи бир кунмас бир кун вой бўлишини билмайдиганлар ўз қинғир ишида давом этаверади. Муҳаббат Орипова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, кўп миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб, қонунга хилоф иш кўрган.

Ўтган йили мазкур муассасадаги текширувлар бу ерда қўшиб ёзиш, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби жиноятлар фош этилди. Масалан, Холида Расулова 2005 йил февраль ойида ушбу муассасага тарбиячи бўлиб ишга киргани, 2012 йилга қадар ишлагани, шу йил штат қисқарганлиги  учун ишдан кетган. Шундай бўлишига қарамай, 2014 йил май ойидан 2018 йил февраль ойигача 20 миллион сўмгача бўлган маблағни мудира сохта имзо чекиб, ўзи олган. Текишириш жараёнида Х.Расулова имзо уники эмаслигини, шунча миқдордаги пулни олмаганлигини тўғрисида кўрсатма берган.

Хуллас, мудира ўз қилмишларига яраша қонуний жазо олди. Аммо масаланинг бошқа томони кишини ўйлантиради. Фарзандларимиз таълим-тарбия оладиган  маскан раҳбари, тарбиячиларнинг тарбиячиси  шундай қаллоблик қилиб турса… У қишлоқдошлари, фарзандлари кўзига қандай қарайди?

Азим ҚОДИРОВ.